Uz / Ўз Ru En

Toshkent

05/Ноябрь/2020   Сиёсат

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилди


ТОШКЕНТ, 5 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институтни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарорида Молия ва солиқ соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадлари ўз аксини топган.

 Қарор билан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази негизида Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилди.

Шунингдек, институтда кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди

- солиққа тортиш ва молиявий назорат соҳалари учун бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича кадрларни кредит-модуль тизими асосида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини такомиллаштириш;

- кадрлар тайёрлаш борасида хорижий давлатларнинг солиқ органлари ва ўқув муассасалари билан тажриба алмашишни кенгайтириш ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш;

- бюджет даромадларини шакллантиришда давлат манфаатларини ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлай оладиган кадрларни тарбиялаш ва бошқалар.

Институт солиқлар ва солиққа тортиш соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Қарорга кўра, Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университети билан Институт тузилмасида мазкур университетнинг бўлинмаси (факультети) ташкил этилади.

Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университетининг Институт тузилмасидаги бўлинмаси (факультети) моддий-техник таъминоти жорий йилда Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институтнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича “Йўл харитаси”  ҳам тасдиқланди.

Давлат раҳбари қарорида институт Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг барча ҳуқуқ, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси эканлиги қайд этилган.

Институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.

Олий таълим муассассасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кундузги бакалавриат таълим йўналишларига мос бўлган йўналишлар доирасида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида сиртқи таълим шаклида ҳам ўқитиш ташкил этилади. Бунда талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг ўқиши учун тўлов иш берувчининг ходим билан келишилган шартномасига мувофиқ белгиланган шаклда амалга оширилади.

2021 йил 1 мартга қадар Институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори лавозимига юқори малакали хорижий мутахассис тайинланади.

 Ҳужжатда, шунингдек,  2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Фарғона ва Тошкент солиқ коллежларини Институт ҳузуридаги Фарғона ва Тошкент солиқ техникумлари этиб қайта ташкил қилиниши белгиланди.

Таълим даргоҳида ўқиш тизими халқаро эътироф этилган ташкилотлар – Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ва Academic Ranking of World Universities рейтингларининг барчасида бир вақтда биринчи 1 000 та ўринни эгаллаган олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилади.

Мавзуга оид

Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни...

Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекис...

ШҲТ ТИВ раҳбарларининг бўлажак учрашуви ...

2020 йил 13 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Шанхай ...

Шавкат Мирзиёев: энг муҳим вазифа - қўши...

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Навоий» эркин иқтисодий зонасидаги лойиҳалар билан ...

Сўнгги янгиликлар