01/Декабрь/2022 Инвестициялар
ТОКИО, 1 декабрь. /“Дунё” АА/. Японияда бўлиб турган Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори Шуҳрат Вафоев бошчилигидаги делегация Токиода ўтказилган Марказий Осиё инвестиция форумида иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ЕТТБ банки томонидан Япония ҳукумати, Япония халқаро ҳамкорлик банки (ЖEЙБИК) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (ЖАЙКА) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир “Барқарор ўсиш учун кўприкларни барпо этамиз” шиори остида ўтказилди.
Унинг шўъба йиғилишлари минтақадаги энергетика секторини трансформация қилиш, “яшил энергетика” ва илғор инфратузилмани ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Форумдан кўзланган мақсад Япония компаниялари, молия институтлари ва хусусий банкларининг эътиборини Марказий Осиёга жалб қилиш, шунингдек, минтақадаги савдо ва сармоя билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбирда ЕТТБ президенти Одил Рено-Бассо, Япония молия вазири ўринбосари Масато Канда, Япония халқаро ҳамкорлик банки раиси Нобумицу Хаяши, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги катта ижрочи вице-президенти Жуничи Ямада, Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров, Тожикистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид, Туркманистон молия ва иқтисодиёт вазири Муҳаммадгелди Сердаров, Қозоғистон бош вазири ўринбосари, молия вазири Ерулан Жамаубаев, Мўғулистон Бош вазири ўринбосари, иқтисодий ривожланиш вазири Чимэйдийн Хурелбаатар қатнашди.
Ўзбекистон делегацияси вакиллари форумнинг ялпи мажлисида, шунингдек, “Энергетика секторини трансформация қилиш – Марказий Осиёда соф энергетика” ва “Интеллектуал инфратузилмани ривожлантириш имкониятлари” шўъба мажлисларида сўзга чиқиб, мамлакатимиз иқтисодиётининг ушбу тармоқларининг ривожланиши ва салоҳияти ҳақида батафсил маълумот тақдим этди.