08/Октабрь/2022 Иқтисодиёт
ҚОҲИРА, 8 октябрь. /«Дунё» АА/. Мисрда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов кеча Қоҳирада ўтказилган Жаҳон пахта тадқиқотлари конференциясининг (World Cotton Research Conference) ёпилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир доирасида бўлиб ўтган нуфузли олимлар ва мутахассисларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон вакилига Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси (ICAC) ва Халқаро пахта тадқиқотчилари ассоциацияси (ICRA) томонидан ташкилотлар фаолиятининг ривожланишида кўрсатаётган хизматлари учун эсдалик мукофот топширилди.
Жаҳон пахта тадқиқотлари конференциясининг ёпилиш маросимида Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири мамлакатимизда амалга ошрилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, шунингдек, Жаҳон пахта тадқиқотлари конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш имкониятлари юзасидан тақдимот ўтказди.
Иброҳим Абдураҳмонов, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларига Ўзбекистонда пахтачилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги ютуқлар ва Миср билан алоқаларни ривожлантириш имкониятлари тўғрисида интервью берди. Унда вазир ташриф давомида эришилган келишувлар ва уларни амалга ошириш бўйича тузилган режалар ҳақида сўзлаб берди.