Uz / Ўз Ru En

Toshkent

03/Март/2020   Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили

Ўзбекистон демократик иммунитетга эга фуқаролар билан ривожланишнинг янги даврига қадам қўяди


ТОШКЕНТ, 3 март. /“Дунё” АА/. Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқ манфаатларини рўёбга чиқаришнинг манзилли тизимини яратиш давлат ва жамият ҳаётини ислоҳ қилишнинг бирламчи шартига айланди. Мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётига доир ислоҳотлар, аввало, фуқаролар орзу-истакларини инобатга олган ҳолда амалга оширилмоқда. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 март куни имзолаган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ҳам кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилгач қабул қилинди.

Фармонда бу каби амалиёт натижалари ҳақида тўхталиб, жумладан шундай дейилади: “Муҳокамалар жараёнида халқимиз, фуқаролик жамияти институтлари фаоллик кўрсатиб, мингдан ортиқ теле ва радиоканаллар орқали тўғридан-тўғри эфирларда улар билан бевосита мулоқотлар ташкил этилди, фуқароларимиз билдирган таклиф-тавсиялар тегишли соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокида чуқур таҳлил қилинди.

Дунёнинг илғор давлатларида кенг қўлланиладиган мазкур тажриба давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, халқаро аҳамиятга молик қарорлар юзасидан халқ иродасини ўрганишнинг самарали усули ҳисобланади.

Дарҳақиқат, бу айни фармон лойиҳаси муҳокамаларида қайд этилган рақамларда ҳам ўз аксини топди. Фуқаролар ушбу лойиҳани амалий мазмун билан бойитиш бўйича фаол фуқаролик позициясини намоён этди.

Жамоатчилик муҳокамаси доирасида уч мингдан ортиқ таклиф келиб тушди. Улар асосида Давлат дастури лойиҳасига мақсадли, дея топилган юзга яқин концептуал ва таҳририй ўзгартириш, қўшимчалар киритилди. Аксарият таклифлар давлат бошқаруви (750 дан зиёд), суд тизими (600 га яқин), иқтисодиёт (550 га яқин), ижтимоий соҳа (800 дан зиёд) ва ташқи хавфсизлик бўйича (90 дан зиёд) билдирилган.

Қуйида киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилиш орқали ушбу интилишларнинг реал ҳаётий характер касб этганини таъкидлаш ўринли.

Шундай қилиб, тасдиқланган давлат Дастури 284 банддан иборат бўлди. Мазкур бандлар сони лойиҳа билан солиштирганда, бирмунчага камайгани, аммо ажратилган маблағ миқдори кўпайганини кўриш мумкин.

Дастурда белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш учун 18,17 триллион сўм ва 10,3 миллиард доллар маблағ йўналтирилади. Лойиҳада эса бу рақамлар 17,5 триллион сўм ва 9,6 миллиард долларни ташкил қилар эди. Маблағнинг 12,9 триллион сўми давлат бюджети ҳамда мақсадли фондлар ҳисобидан, 2 триллиони эса ижрочи ҳамда банклар улушидан, 3,3 триллион сўм, қолаверса, 10,3 миллиард доллар эса халқаро молия институтлари ва грантлари томонидан йўналтирилиши белгиланган.

Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш бўйича дастур якунда 8 бандга, шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд тизимини ислоҳ қилиш масалалари ҳам худди шундай тенг миқдорда қисқарган.

Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозимлигини қайд этганди. Айни жиҳат Дастур лойиҳаси ва унинг якуний шаклида ўзгаришсиз қолган ва ҳуқуқий ечим топган муҳим бандлардан бири бўлди. Эндиликда фуқаролар учун ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартиб жорий этилди. Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкаси ҳам бекор қилинди.

2018 йилнинг июль ойи. Соат кундузги 11:00 атрофи бўлса-да, жазирама иссиқ кишини соя-салқин томон бекинишга ундайди. Касбим тақозоси билан парламентда ташкил қилинган тадбирлардан бирида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бордим. Эшик олдида ёшлари 60 дан ошган, меҳнатда тобланган бўлса-да, пешонасида кексалик аломати чизиқ чизган киши турарди. Қисқа суҳбатдан сўнг унинг Тошкент вилоятидан келган фермер экани ва ерни идора қилиш борасида айрим муаммоларга дуч келаётганини, уни ҳал этиш учун ўз ҳудудидан сайланган депутат қабулига шошганини айтди. Аммо у излаган инсон хизмат сафарида экани сабаб натижасиз ортга қайтишга тўғри келаётгани ойдинлашди.

Дарҳақиқат бу каби муаммо ва мурожаатларни қабул қилишдаги эскирган тизим сабаб қанчадан-қанча фуқаролар вақт ва маблағни беҳуда сарфлашларига тўғри келгани кўпчиликка аён.

Дастурда бу каби реал ҳаётий масалалар бўйича аниқ ечим сифатида қатор лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси мустаҳкамланди. Эндиликда фуқаролар ўз ҳудудидан сайланган депутат билан интернет тармоғи орқали мулоқот қилиш мумкин. Дастурнинг Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳаси бўлимида шундай дейилади: 2020 йилдан бошлаб Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида фуқароларнинг Интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида электрон портал ва мобиль иловадан фойдаланиш имконини берувчи “Электрон парламент” тизими жорий этилсин.

Ўтган йиллар давомида давлат ҳокимиятининг очиқлиги, халқ бошқаруви тушунчаси моҳияти ва унинг ҳаётий акси ўртасида ҳар доим ҳам мутаносиблик кузатилмас эди. Жорий йилги давлат Дастурида эса ижтимоий тенгликни таъминлаш ва халқни бош ислоҳотчи сифатида белгилашга алоҳида эътибор берилган.

Жумладан, Дастурга мувофиқ, Олий Мажлис қонунчилик палатасида 2020 йил 1 июлдан бошлаб доимий равишда давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботини, шунингдек, ҳукумат аъзолари ва тармоқ раҳбарларининг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳисоботларини тинглаш механизми жорий этилиши мустаҳкамланиб қўйилди. Шунингдек, 1 июлга қадар “Mening fikrim” веб-порталининг мобиль иловаси ишга туширилиб, келиб тушган мурожаатлар оммавий ахборот воситаларида депутатлар, мутахассислар ва тармоқ фойдаланувчилари иштирокида муҳокама қилинади. Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари 1 августдан эътиборан, Сенатга ҳисобот беришлари талаб этилади.

Дастурга кўра, 1 майдан бошлаб суд ҳукмлари, қарорлари, ажримлари ёки ҳал қилув қарорлари қонуний кучга кирган ишларни прокурор томонидан томонларнинг (прокурордан ташқари) мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан талаб қилиб олиш тартиби амалиётга жорий этилади.

Ўзбекистонга 1995 йилгача келган ва шундан буён фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида доимий истиқомат қилаётган шахсларни ўз истагига биноан, Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш 1 апрелдан бошлаб амалга оширилади. Қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги бу каби ислоҳотлар чин маънода инсонлар орзу-истакларини ифода этади.

Дастурда иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш учун қулайлик яратиш бўйича аниқ мақсадлар қайд этилган. Унга кўра, пахта хомашёси ишлаб чиқариш ва мажбурий сотиш режаси, нархини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилинди. Давлатга мажбурий ғалла сотиш ҳажми эса 25 фоизга камайтирилди.

Ҳа, бир қарашда оддий тартибдек кўринган бу қарор замирида бир олам маъно бор ва унда қатор эзгу интилиш мужассам. Зеро, ўтган йиллар давомида пахтани парваришлаш ва териб олиш вақтида давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, хусусан, аҳоли саломатлиги, келажаги учун масъул соҳа вакиллари – шифокор, ўқитувчилар, қолаверса, талаба-ёшлар ҳам далаларга чиқишарди. Ҳатто айрим кезларда мактаб ўқувчиларининг ушбу меҳнатга жалб қилиниш ҳолатлари кузатиларди. Бу, ўз навбатида, мажбурий меҳнат тушунчаси билан бевосита боғлиқ вазиятни юзага келтирарди. Эндиликда бундай ҳолатларга йўл қўйилмайди.

Президентимиз сўнгги йилларда мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсатини амалга оширишга киришди. Жорий йилги Дастурда ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилди.

Унда, тўғридан-тўғри инвестициялар, илғор тажриба ва замонавий технологияларни кенг жалб этиш учун қулай шароитни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, манфаатдор идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик миссияларини фаол жалб этган ҳолда жаҳон мамлакатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, БМТ ва унинг муассасалари, етакчи халқаро институтлар ва молия тузилмалари, шунингдек, минтақавий бирлашмалар билан узоқ муддатли шерикликни чуқурлаштириш юзасидан аниқ таклифлар ва амалий чора-тадбирларни тайёрлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ўтган йиллар давомида аҳолининг харид қуввати, истеъмол саватчаси ва камбағалликни белгиловчи меъёрлар ишлаб чиқилмагани ҳолда, юртимизда камбағаллик масаласини бартараф этиш ишларига турли ном бериш орқали курашишга интилиб келинди. Аммо муаммони эътироф этган ҳолда унга ечим топиш энг мақбул чорадир. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида илк бор бу ҳақда очиқ сўз юритди ва камбағалликни камайтириш стратегиясини ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидлади. Муаммога очиқ ва ошкора ёндашув тез орада халқаро ҳамжамиятда ижобий акс-садо берди. Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори халқаро молия институти БМТ Тараққиёт дастури ва бошқа манфаатдор томонлар билан биргаликда Ўзбекистонда камбағалликни камайтиришга ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Президентимиз фармони билан 1 августга қадар халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда Камбағалликни қисқартириш дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Мухтасар айтганда, мазкур дастур халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда юртимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, иқтисодий юксалишга эришишга қаратилган. Ушбу ислоҳотлар рўёби эса аввало фуқаролар иштирокида амалга оширилиши ҳар биримиздан унда фаол иштирок этишни, ўз тақдиримизни юрт келажаги билан бирга кўриш истагини намойиш қилишни талаб этади. Шу тариқа Ўзбекистон демократик қарашлар иммунитетига эга фуқаролар билан ривожланишнинг янги даврига қадам қўяди.

Улуғбек Шоназаров,

“Дунё” АА

Мавзуга оид

Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар...

Бу ҳақда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўн...

Ўзбекистонда Парламентаризмни ривожланти...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож...

Ўзбекистонда талабаларга контракт пулини...

Давлатимиз раҳбарининг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш...

Сўнгги янгиликлар