30/Март/2023 Ватандошларимиз
КУНЬМИН (ХИТОЙ), 29 март /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси вакиллари Хитойнинг Юньнань провинциясида таълим олаётган ва вақтинча бўлиб турган ватандошлар билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Юньнань университети, Куньмин университети, Юньнань миллатлар университети ва бошқа олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, компания ва фирмаларида меҳнат қилаётган ватандошлар иштирок этди.
Суҳбат давомида ватандошларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва мамлакатимизда турли соҳаларда эришилаётган ижобий натижалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Йиғилганларга янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар, янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг қабул қилинишида халқимизнинг фаол иштироки ва улар томонидан билдирилган таклифлар ҳақида гапириб берилди.
Ўз навбатида ватандошлар жорий йилнинг 30 апрель куни мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилган Конституция бўйича референдумда фаол иштирок этиб, ислоҳотлар жараёнига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишларини таъкидлашди.
Учрашув давомида, шунингдек, ватандошларга зарур консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.