Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

20/Октабрь/2021   Ўсиш нуқтаси

Ўзбекистон дунёдаги заъфарон етиштириладиган энг йирик бешта давлатлардан бирига айланмоқда


ЖИЗЗАХ, 20 октябрь. /«Дунё» АА/. Италиядан 20 миллион дона заъфарон пиёзбошлари ортилган юк машиналари Словения, Венгрия, Польша, Беларусь, Россия ва Қозоғистон ҳудуди орқали Жиззах вилоятига етиб келди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Шу муносабат билан бугун “BMB Trade Group” компанияси томонидан Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги расмий вакиллари, шунингдек, Италиянинг “Fin Opera” компанияси вакили Массимо Бусжени, Тожикистоннинг “AVAS Engineering” компанияси раиси Азим Ҳакимов, Корея Республикасининг “KGH” компанияси мутахассиси Жина Парк иштирокида заъфарон ўсимлигини етиштириш ҳамда плантацияларини ташкил этиш, уларни саноат усулида қайта ишлашнинг самарали тизимини ривожлантиришга қаратилган тадбир ташкил этилди.

Аввал хабар қилганимиздек, давлатимиз раҳбари томонидан республикада заъфарон плантацияларини барпо этиш, фармацевтика саноати эҳтиёжларини таъминлаш ва экспортбоп доривор ўсимликларни кўпайтиришни ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида “BMB Trade Group” компанияси Жиззах вилоятидаги 200 гектар ер майдонида заъфарон плантацияларини барпо этди. Бугунги кунда Ўзбекистон дунёдаги заъфарон етиштириладиган энг йирик бешта давлатлардан бирига айланмоқда.

- Жиззах заминига экилаётган заъфарон пиёзбошлари бевосита Италиядан олиб келинмоқда, - деди компания Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов. - Уни етиштириш жараёни италиялик мутахассислар билан биргаликда назорат қилиб борилмоқда. Парваришлаш жараёнида ҳеч қандай кимёвий минерал ўғитлар қўлланилмайди. Қувонарлиси, чекилган заҳматли меҳнат ўз мевасини берди – 2020 йилда илк ҳосил териб олинди. Эътиборлиси, миллий маҳсулотимиз Европанинг машҳур “Analisi Chimiche Ed Ecologiche Sas” ҳамда “Laboratori di Ricerche Analitiche e Tecnologiche su Alimenti e Ambiente” лабораторияларида икки босқичли текширувлардан ўтказилди ҳамда таҳлил натижаларига кўра, олий навли, деб тан олинди. Мазкур жиҳатлар мутахассисларнинг компания томонидан етиштирилаётган заъфарон маҳсулоти Европанинг нозиктаъб истеъмолчилари орасида ўз ўрнига эга бўлиши шубҳасиз, деган фикрига асос бўлмоқда.

Бундан сал аввалроқ компанияга АҚШ Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси (FDA – Food and Drug Administration) Ўзбекистондан АҚШга заъфарон маҳсулотини экспорт қилишга рухсат берди. Бу эса АҚШнинг фармацевтика саноатидаги йирик компаниялар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун кенг йўл очиб берди.

Шу билан бирга, BMB Trade Group компанияси маҳсулоти ҳадемай Саудия Арабистони ва Жанубий Корея бозорларидан ҳам ўрин эгаллайди. Жорий йил Корея Республикасининг “KGH” компанияси билан ҳам экспорт шартномаси имзоланди.

AVAS Engineering (Тожикистон) компанияси билан ҳамкорликда “BMB-Avas Zaʼfaron” Ўзбекистон-Тожикистон қўшма корхонаси ташкил этилди. Бу ишларнинг мантиқий давоми сифатида “BMB Trade Group” компаниясининг жорий йил июнь ойида италиялик ҳамкорлар билан умумий қиймати 15 миллион евро қийматидаги экспорт шартномасининг имзоланиши, июль ва август ойларида эса “BMB Zaʼfaron” миллий бренди остида 1,1 миллион евролик дастлабки маҳсулотнинг Италияга экспорт қилиниши юқоридаги ишларнинг илк нишонаси бўлди.

Мавзуга оид

«TEXNOPARK»га чет эллик тадбиркорлар дел...

Бугун «TEXNOPARK»га Россиянинг «Политег холдинг» ва Норвегиянинг «JOTUN» компанияси вакилл...

Афғонистон делегацияси «Технопарк» МЧЖ ф...

Афғонистон Ислом Республикасининг бизнес вакиллари ҳамда мамлакатнинг ишлаб чиқариш ва кор...

2020 йил Ўзбекистонда 2,4 миллион квадра...

Мамлакатимизда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва уларнинг таннархини арзонлаштириш м...

Сўнгги янгиликлар