Uz / Ўз Ru En

Toshkent

28/Апрель/2021   Таълим

Ўзбекистон элчихонаси: Бухорода Италия университетининг филиали очилади


РИМ, 28 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси томонидан Бухоро шаҳрида Луиджи Ванвителли номидаги Кампания университетининг (UniCampania) талабалар кампуси (филиали)ни ташкил этиш бўйича  навбатдаги  видеоконференция  ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

 Учрашувда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва университетлари раҳбарлари, Италия университети проректорлари ҳамда профессор-ўқитувчилари, шунингдек, Кампания ва Молизе минтақаларидаги Ўзбекистоннинг фахрий консули Витторио Жоржи иштирок этди.

 Ўзбекистон элчиси Отабек Акбаров март ойи охирида ушбу университетга ташрифини ташкил этгани, университет ҳақида батафсил тақдимот ўтказгани ҳамда Италия вакилларининг Бухорода талабалар кампусини ташкил қилиш бўйича таклифи учун «UniCampania»  раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Элчи  «UniCampania» раҳбариятининг май - июнь ойларида ушбу лойиҳанинг барча ташкилий масалаларини муҳокама қилиш  ва тегишли шартномани имзолаш учун Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга  тайёрлигини билдирди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Узоқбой Бегимқулов «UniCampania»  Бухоро вилоятида ўз кампусини ташкил этишга тайёрлигини мамнуният билан кутиб олди. Ушбу лойиҳа таълим ва маданият соҳаларида ўзаро алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидлади. Унга кўра, «UniCampania»  томонидан тақдим этилган материаллар ўрганиб чиқилиб, ҳозирги кунда улар асосида Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва «UniCampania»  ўртасида тўрт томонлама келишув, шунингдек, таълим лойиҳасини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрланмоқда.

Кампания университети проректори Луиджи Маффей университет ректори, профессор Жанфранко Николеттининг иштирокчиларга табригини етказди. Шунингдек, у  тез орада  Бухоро шаҳрида Италия университети филиалини ташкил этиш учун амалий ишларни бошлашга тайёрлигини билдирди.

Хусусан, «UniCampania» талабалар кампусида қурилиш фанлари ва технологияси (муҳандислик), дизайн, ҳамширалик ва архитектура каби тўртта йўналишда бакалавриат ва магистратура дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш назарда тутилмоқда. Таълим Италия таълим дастури асосида италиялик ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади. Битирувчилар Италияда ва Европада тан олинадиган дипломларга эга бўлади.

 Ректор вакили, профессор Серхио Минуччи университетнинг Бухоро шаҳрида тўлақонли филиалини яратиш бироз вақт талаб этилишини ва ўқув жараёнини имкон қадар тезроқ бошлаш учун у шу йилнинг сентябрь ойида шаҳардаги мавжуд университетлар негизида Луиджи Ванвителли номидаги Кампания университетининг филиали шаклида курсларни параллел равишда бошлашни таклиф қилди.

 Ушбу таклиф Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Ўзаро ҳамкорликнинг дастлабки босқичи сифатида Бухоро муҳандислик-техника университетида муҳандислик, архитектура ва қурилиш, Бухоро давлат тиббиёт институти негизида тиббиёт йўналишида қўшма таълим дастурлари ташкил этиш мумкинлиги билдирилди.

Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев қўшма лойиҳани амалга оширишда ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини таъкидлади. «Қўшма тадбирларни бошлаш учун талабалар кампусини жойлаштириш ва ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилмоқда», - деди у.

 Бухоро муҳандислик-техника университети ректор Нусрат Баракаев ва Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев таълим муассасалари ҳақида қисқача тақдимот ўтказди ва «UniCampania» билан ҳамкорлик йўналишлари бўйича ўз фикрларини билдирди.

Мавзуга оид

АҚШ Ўзбекистон ёшлари учун таълим дастур...

Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ давлат котиби ёрдамчиси вазифасини бажарувчи, Давлат ...

АҚШнинг етакчи университети Ўзбекистон б...

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Мичиган давлат университети вакиллари учун б...

Ҳиндистон билан электр энергетикаси тарм...

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов ушбу мамлакатнинг “NTPC Ltd.” электр эне...

Сўнгги янгиликлар