Uz / Ўз Ru En

Toshkent

17/Май/2021   Долзарб

Ўзбекистон элчихонаси Украина орқали Европа давлатларига чиқишни режалаштираётган мамлакатимиз фуқароларини турли фирибгарликлар тузоғига тушиб қолишдан огоҳлантирмоқда


КИЕВ, 17 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг халқаро ҳаво қатновлари фаоллашиб бораётгани боис хорижий давлатларга, жумладан, Украинага йўл олаётган республикамиз фуқароларининг сони ортаётгани кузатилмоқда. Мамлакатимизнинг Киевдаги элчихонаси маълум қилишича, уларнинг аксарияти Украина ҳудудидан Европа давлатларига чиқиш учун транзит зонаси сифатида фойдаланишга интилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу ҳолат Киевда Европа давлатларига бориш учун хизмат кўрсатадиган қатор виза марказлари фаолият кўрсатаётгани, Европа шаҳарларига авиа чипталарнинг нисбатан арзонлиги ҳамда Ғарб мамлакатларига ишчи кучини жўнатиш билан шуғулланадиган жисмоний ва юридик шахслар (воситачилар) иш олиб бораётгани билан изоҳланади.

Бироқ ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимиз фуқаролари аксарият ҳолларда маҳаллий тилда сўзлаша олмаслиги, ҳуқуқий билимсизлиги ва бошқа сабаблар билан турли фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолмоқда.

Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украина орқали Европа давлатларига бормоқчи бўлаётган мамлакатимиз фуқароларига мурожаат йўллади.

Унда, жумладан, сўнгги пайтларда Украинада турли фирибгарлар томонидан ташкил этилган уюшган гуруҳлар томонидан юртдошларимизга Европа ва Америка мамлакатларига ишга бориш учун ёрдам кўрсатишни ваъда қилиш ҳолатлари кўп учраётгани маълум қилинар экан, бундай гуруҳлар вакиллари моддий манфаатдорлик эвазига қисқа муддатда расмий хорижий виза ва зарур ҳужжатларни тайёрлаб бериш хизматларини таклиф қилаётгани қайд этилган.

“Айрим фуқароларимиз билиб-билмай ана шундай фирибгарларнинг алдовига учиши оқибатида пулидан айрилиб, бегона юртларда қийин аҳволга тушиб қолмоқда. Яна ачинарли томони шундаки, ватандошларимиз ўзга давлат қонунчилигини бузгани учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳоллари ҳам содир бўлмоқда”, - дея таъкидланади элчихонанинг мурожаатида.

Юқоридагиларни назарда тутган ҳолда, мамлакатимиз дипломатия ваколатхонаси фуқароларимиздан эҳтиёт бўлишни, зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилишни сўраган. Мурожаатномада Украинада бундай ноқонуний ҳаракатлар билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан қонун доирасида жавобгарлик белгилангани ҳам эслатиб ўтилган.

Шу билан бирга, фирибгарларнинг ноқонуний ҳаракатидан жабр кўрган мамлакатимиз фуқаролари Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонасига +38 (044) 501-41-82 ва +38 (044) 501-41-83 телефон рақамлари, embassy@uzbekistan.org.ua электрон почтаси ёхуд +38 (097) 579-23-66 рақамига уланган Телеграм тармоғи орқали мурожаат қилиши мумкинлиги ҳам юртдошларимизнинг эътиборига ҳавола этилган.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Президентининг ташаббуси МДҲ ...

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар инсти...

Орол денгизи минтақасини тиклаш бўйича и...

Жаҳон банки томонидан Глобал ландшафт форуми, Қозоғистон-Германия университети ва «Plug ...

Италиядан муносабат: Коронавирусдан кейи...

«Сунъий ақл-идрок, кенг кўламли маълумотлар ва янги технологияларнинг роли соғлиқни сақлаш...

Сўнгги янгиликлар