Uz / Ўз Ru En

Toshkent

01/Декабрь/2020   Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида

Ўзбекистон элчиси Хэнань провинцияси раҳбари билан учрашди


ПЕКИН, 1 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчиси Бахтиёр Саидов Хитойнинг Хэнань провинциясига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Қайд этиш керакки, Хэнань провинцияси Хитой маданиятининг бешиги ҳисобланади. Ушбу ҳудудда қадим-қадимдан савдо-сотиқ ривож топган, шунингдек, Хитой иероглифлари шу минтақада пайдо бўлган.  Мазкур провинция Хитойнинг тўрт муҳим кашфиёти – қоғоз, терма ҳарф ёрдамидаги матбаачилик техникаси, порох ва компас ҳам шу ўлкада ихтиро қилинган.

2019 йил якунлари бўйича провинция ялпи ички маҳсулоти 5,4 триллион юанни (818 млрд. доллар), ташқи савдо айланмаси эса 570 млрд. юанни (86,3 млрд. доллар) ташкил этди. Жаҳоннинг энг йирик 500 та компанияси ушбу минтақада ўзларининг ишлаб чиқариш қувватларига эга. Қишлоқ хўжалиги провинция иқтисодиётининг энг асосий жабҳаларидан бири ҳисобланади. Бутун Хитой бўйича 10 фоиз дон маҳсулотлари, жумладан, буғдойнинг 25 фоизи Хэнанда етиштирилади.

Хэнань провинцияси раҳбари, партия қўмитасининг котиби Ван Гошен билан бўлиб ўтган учрашув чоғида савдо-иқтисодий, сармоявий ва гуманитар соҳалардаги икки томонлама минтақалараро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Суҳбат чоғида саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, кимё ва бошқа талабгир маҳсулотларни ҳар икки томонга етказиб берилишини ташкил этиш, шунингдек, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш воситасида ўзаро савдо ҳажмларини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Хитой томонидан мамлакатимиз миллий маҳсулотлари ва товарларининг бутун ХХР ҳудудида тарқатилиши учун минтақанинг  қулай транспорт-логистика имкониятларидан фойдаланиш таклиф этилди. 

Мамлакатимиз элчиси агросаноат жабҳасида кластерлар барпо этиш, чорвачилик, шоликорлик, балиқчилик мажмуалари қуриш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда мамлакатимиз ҳудудида замонавий технопарклар яратишга йўналтирилган сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан Хэнань провинцияси билан шериклик алоқаларини кенгайтириш ва фаоллаштиришни билдирди. Шунингдек, аграр жабҳани рақамлаштириш, илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасига Хитойда фойдаланилаётган билимлар ва инновацияларни тадбиқ этиш, провинциянинг илмий-тадқиқот институтлари билан шериклик алоқаларини ўрнатишни кўзда тутадиган ҳамкорликнинг муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Провинция партия қўмитаси котиби Хэнань провинцияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун улкан салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон ҳудудлари билан савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича режаларини ўртоқлашди.

Шунингдек, Ван Гошен провинциянинг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган олий ўқув юртларида био- ва генлар инженерияси, ақлли технологияларни қўллаш, уруғчилик, сув ва энергияни тежайдиган технологияларни ривожлантириш ва бошқа йўналишларда ўзбек талабалари ҳамда мутахассисларининг таълим олиши ва малака ошириши соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги юзасидан Ўзбекистон томонининг таклифини қўллаб-қувватлади. 

Минтақанинг 50 дан зиёд компанияси вакиллари учун уюштирилган Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятининг тақдимот маросими ҳамда шериклик алоқаларини йўлга қўйиш ва Ўзбекистонда қўшма ишлаб чиқаришни барпо этиш юзасидан улар билан ўтказилган музокаралар провинцияга сафар дастурининг амалий қисмини янада бойитди.

Хэнань провинциясига сафар доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари минтақадаги йирик ишлаб чиқариш компаниялари фаолияти билан яқиндан танишди. Биргаликда ҳаётга тадбиқ этиш учун қатор аниқ сармоявий лойиҳалар муҳокама этилди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ишбиларм...

Аввал хабар қилинганидек, мамлакатимиз элчихонаси Ар-Риёд савдо-саноат палатаси билан бирг...

Ўзбекистон Ҳарбий прокурори Хитой элчих...

Бугун Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурори г...

Ўзбекистон элчиси «Indorama Corporation»...

Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчиси Қаҳрамон Шокиров Сингапурнинг «Indorama Corporation Pte...

Сўнгги янгиликлар