Uz / Ўз Ru En

Toshkent

03/Март/2021   Медиа

Ўзбекистон элчисининг мақоласи Хитойнинг нуфузли даврий нашрларида чоп этилди


ПЕКИН, 3 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидовнинг «China Daily» халқаро кундалик газетасида «Ўзбек-Хитой ҳамкорлиги тобора чуқурлашмоқда» («Uzbek-Chinese cooperation to deepen further») сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Унда Ўзбекистон Республикаси ва ХХР ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари шитоб билан равнақ топаётгани ҳамда сўнгги йиллар давомида бу борада қўлга киритилган салмоқли натижалар яққол далиллар асосида ёритиб берилган.

Хусусан, мақолада Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида баён этилган энг муҳим жиҳатлар ва устувор вазифаларга, шунингдек, мамлакатимиз раҳбарининг халқаро ва минтақавий ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилган.

Қайд этилганидек, кейинги йиллар давомида савдо, сармоялар, энергетика, транспорт коммуникациялари ва бошқа барча соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришда юқори ўсувчанлик кузатилди. Пандемия оқибатларига қарамасдан, икки мамлакат нафақат ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлаш тамойилини сақлаб қолиш, балки биргаликда ўзаро амалий ҳамкорликнинг янги қирраларини белгилаб олишга ҳам муяссар бўлди.

Мақолада таъкидланганидек, олий даражадаги фаол сиёсий мулоқот икки томонлама ҳамкорлик ривожланишидаги ўсувчанликнинг асосий омили бўлди. 2017 йил май ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга биринчи давлат ташрифи чоғида Хитой Раиси Си Цзиньпин билан самарали музокаралар натижаси ўлароқ, давлатлар раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлаш учун ўзаро ҳамкорликнинг устувор соҳаларини белгилаб олдилар.

2018 йили Циндао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасидаги музокаралар икки томонлама муносабатлар равнақига янгича туртки берди. Икки давлат раҳбарларининг 2019 йили Пекинда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» Халқаро форуми доирасидаги учрашувида кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг «янги нуқта»лари белгилаб олинди. 

Ўзбекистон ва Хитой етакчиларининг 2020 йил 7 май куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқоти чоғида икки томонлама аҳамиятга молик кенг қамровли масалалар муҳокама этилди. Covid-19га қарши кураш ва унинг оқибатларини бартараф этишда биргаликда фаол ҳаракат қилиш, пандемия шароитида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан ўзаро келишувларга эришилди.

Ушбу мақолада мамлакатларимиз ўртасида савдо, иқтисодиёт ва инвестициялар соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг юқори ўсувчанлиги тамойили ҳамда бу мамлакат Ўзбекистоннинг биринчи савдо шериги сифатидаги ўз ўрнини сақлаб келаётгани билан боғлиқ маълумотлар ҳам ўз ифодасини топган.

Шунингдек, мақолада минтақалараро ҳамкорлик, камбағалликни қисқартириш ва яна бошқа кўплаб соҳалар бўйича яқин алоқалар ўзаро ҳамкорлик равнақи учун хизмат қилаётгани қайд этилган.

Мазкур мақола газетанинг интернет тармоғидаги веб-саҳифасида ҳам эълон қилинди.

«China Daily» газетаси Хитойнинг инглиз тилида чоп этиладиган асосий халқаро кундалик нашри ҳисобланади. Миллий газета сифатида 1981 йилдан буён нашр этиладиган газета нафақат жаҳон ахборот тармоғидаги веб-саҳифаси, балки Facebook, Twitter, Sina, Weibo ва WeChat сингари ижтимоий тармоқларда ҳам дунё бўйича 200 миллиондан зиёд ўқувчи эътиборига хабар-мақолалар ҳавола қилади.  

Хитойда чоп этиладиган яна бир нуфузли матбаа нашри - «Beijing Review»  журнали саҳифасида ҳам мамлакатимизнинг Хитойдаги дипломатия ваколатхонаси раҳбари қаламига мансуб мақола эълон қилинди. Унда ҳам икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари тобора равнақ топаётгани, бунинг учун хизмат қилаётган муҳим омиллар тўғрисидаги атрофлича маълумотлар ўз ифодасини топган.

«Beijing Review»  Хитойнинг инглиз тилида нашр қилинадиган ягона ҳафталик миллий янгиликлар журнали ҳисобланади. 1958 йилдан буён чоп этиладиган мазкур даврий нашрда мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётига доир хабар-мақолалар, шунингдек, асосий минтақавий ва халқаро воқеаларга доир таҳлилий  материаллар чоп этилади. Бутун Хитой ҳудудида тарқатиладиган ушбу журнал дунёнинг 5 қитъасида жойлашган 150 дан зиёд мамлакатда ҳам ўз ўқувчиларига эга. 

Мавзуга оид

Ўзбекистон Президентининг Туркий кенгаш ...

Туркия оммавий ахборот воситалари кеча видеоконференция шаклида бўлиб ўтган Туркий кенгашн...

Испаниядан муносабат: Навоий Мигел Серв...

Испаниянинг етакчи нашрларидан бири «Диарио Арбат» газетасининг онлайн версиясида (diarioa...

Новосибирск телеканалида Ўзбекистоннинг ...

Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан ушбу шаҳарнинг “СТС ...

Сўнгги янгиликлар