24/Ноябрь/2022 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
ҚОҲИРА, 24 ноябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ходимларининг Қоҳира шаҳрида Миср саноатлари уюшмасининг Озиқ-овқат палатаси раиси Маҳмуд ал-Басюмий билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Суҳбат чоғида озиқ-овқат соҳасида фаолият юритаётган Ўзбекистон ва Миср компаниялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, устувор йўналишларни белгилаб олиш ва икки томонлама тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Маҳмуд ал-Басюмий Озиқ-овқат палатасининг фаолияти ҳақида батафсил маьлумот берди. Унинг айтишича, палата 1958 йилда ташкил этилган. Ташкилот Миср озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини тасдиқловчи шаҳодатнома тақдим этиш, соҳа ривожига ҳисса кўшадиган стратегияларни ишлаб чиқиш ва қонун ижодкорлиги билан шуғулланади, шунингдек, мамлакат озиқ-овақт саноатининг имижини яратиши билан бирга уни турли халқаро форумларда тақдим этади.
Озиқ-овқат саноати палатаси тизими шакар, ширинликлар, сут ва сут маҳсулотлари, шарбатлар, сабзавот ва мевалар, ёғ, дон ва зираворлар каби 9 бўлимдан иборат. Палата соҳада фаолият олиб бораётган 18 мингдан ортиқ компанияларни бирлаштиради.
Миср томони Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раҳбари ва вакилларини, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган йирик ўзбек компанияларини 5-7 декабрь кунлари Қоҳирада бўлиб ўтадиган «Food Africa 2022» халқаро кўргазмасида қатнашишга таклиф қилди.
Кўргазма чоғида икки мамлакат озиқ-овқат саноати палаталари иштирокида музокаралар ўтказиш, ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олувчи «Йўл хариталари»ни тузиш ташаббуси билдирилди.
Мулоқот чоғида, шунингдек, Ўзбекистондан Мисрга гуруч, Мисрдан Ўзбекистонга цитрус мевалар ва бошқа маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш мумкинлиги қайд этилди.