25/Январь/2022 Экспорт
ПЕКИН, 25 январь. /«Дунё» АА/. Хитой озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш бўйича дунёдаги энг йирик мамлакат ҳисобланади. Кутилганидек, мамлакат кейинги ўн йил ичида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий импортёрига айланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси маълумотларига кўра, Хитойда соя, яшил мош, ловия, ясмиқ, эспарсет, нўхат, лупин, озуқа ловияси ва ерёнғоқ энг машҳур ва кенг тарқалган дуккакли экинлар ҳисобланади. Яшил мошнинг етишмаслиги туфайли Хитой уни бошқа мамлакатлардан импорт қилади. Асосий етказиб берувчилар -Ўзбекистон, Мяньма, Индонезия, Австралия ва Таиланд. Мошнинг йиллик истеъмоли ҳажми йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Агар 2018 йилда бу кўрсаткич 89 минг тонна бўлган бўлса, 2019 йилда 113 минг тоннани, 2020 йилда 205 минг тоннани ва 2021 йилда эса 290 минг тоннани ташкил этди.
Шуни ҳисобга олган ҳолда элчихона Хитой бозорига мамлакатимизда етиштирилган мошни кенг тарғиб қилиб келмоқда. Элчихона кўмагида Хитойга Ўзбекистонда етиштирилган мош маҳсулотини сотиш учун 2018 йилда рухсат олинган.
Сўнгги тўрт йил давомида Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси Хитойнинг тегишли идораларида етказиб берувчилар рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш борасида «Ўзкарантин» корхонасига фаол ёрдам бериб келмоқда. Жумладан 2018 йилда 24 корхона ушбу маҳсулот экспортини амалга оширган бўлса, 2021 йилда 72 та компания ушбу имкониятдан тўлиқ фойланди. Яъни ўтган йиллар давомида Хитойга мош экспорт қиладиган корхоналар сони уч мартага ошди. Ўзбекистон тадбиркорларининг ишлаб чиқариш базасини технологик модернизациялаш ишлари ҳам амалга оширилди.
Сўнгги уч йилда амалга оширилган муштарак саъй-ҳаракатлар натижасида ўзбек мошининг Хитойга экспорт қилиш ҳажми тўрт баробарга ошди. 2019 йилда 28 минг тонна мош экспорт қилинган бўлса, бу 2020 йилда 75 минг тонна, 2021 йилда эса 112 минг тоннани ташкил этди - қарийб 100 миллион доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилинди. Шу билан бирга, ушбу маҳсулотни Хитойга олиб киришнинг умумий ҳажмларида Ўзбекистоннинг улуши 37% гача ўсди. Натижада Ўзбекистон Хитойдаги мош таъминотчилари орасида етакчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон Хитойга қуритилган узум етказиб бериш бўйича ҳам етакчи ўринни эгаллаб, ушбу маҳсулотлар умумий импорти ҳажмининг 55% бозор улуши билан ажралиб турибди. Бу эса ушбу турдаги маҳсулотларни Хитой бозорига экспорт қилишни кўпайтириш учун катта салоҳият мавжуд эканлигидан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, экспорт қилинаётган ўзбек маҳсулотлари турларини кенгайтириш борасидаги бундай кенг кўламли ишлар бошқа йўналишларда ҳам амалга оширилмоқда.