Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

24/Январь/2023   Ўзбекистоннинг ИҲТга раислиги

Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислигини якунламоқда

ТОШКЕНТ, 24 январь. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.


Ўзбекистон 1992 йил 28 ноябрь куни ИҲТга аъзо бўлган. Мамлакатимиз мазкур халқаро тузилма доирасидаги шериклар билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириш, хорижий шериклар билан саноат кооперациясини чуқурлаштириш, минтақада транспорт йўлакларини ривожлантириш, улардан самарали фойдаланиш ва янгиларини яратиш Ўзбекистон ва хорижий шериклар ўртасидаги халқаро ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидандир.

Шу нуқтаи назардан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида иштирок этиш мамлакатимиз манфаатларига тўлиқ жавоб беради.

Минтақавий давлатлараро ташкилотга ҳисобланадиган ИҲТ 1985 йилда Теҳрон (Эрон) шаҳрида асос солинган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга.

Ташкилотнинг мақсади савдо ва транспорт коммуникациялари соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Бугунги кунда ИҲТга ўнта давлат – Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо бўлиб кирган.

ИҲТ фаолиятининг устувор йўналишлари аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган саммитларида белгиланади. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ИҲТ саммитларида, жумладан, етти марта давлат раҳбари даражасида мунтазам иштирок этди. Мамлакатимиз расмий делегациялари ИҲТга аъзо давлатлар транспорт, туризм ва қишлоқ хўжалиги вазирлари йиғилишларида фаол қатнашиб келмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ИҲТ доирасидаги ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашди. Хусусан, 2022 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва ИҲТ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12,3 миллиард долларни ташкил этди, бу 2017 йилга нисбатан икки баравар кўп демакдир. Ўзбекистонда ИҲТга аъзо мамлакатлар сармоядорлари иштирокида 4 минг 400 та қўшма ва якка тартибдаги корхона фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон томонидан 2020 йил декабрь ойида илгари сурилган “Марказий Осиё-Афғонистон-Покистон”, “Марказий Осиё-Афғонистон-Эрон”, “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон” транспорт йўлакларини ИҲТ минтақаси транспорт артерияларига киритиш бўйича ташаббус ташкилотга аъзо барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

2022 йилда республикамиз илк бор мазкур халқаро тузилмага раислик қилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхободда (Туркманистон) бўлиб ўтган ИҲТ 15-саммитида сўзга чиқиб, мазкур тузилмага раисликни қабул қилиб олган ҳолда ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўтарди ҳамда аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган ва ҳаётга татбиқ этилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2022 йил ИҲТ минтақасида “Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур минтақавий ташкилотнинг улкан иқтисодий салоҳияти, ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаб, ИҲТга аъзо мамлакатлар салоҳиятидан унумли фойдаланиш, минтақада мавжуд транспорт йўлаклари самарадорлигини ошириш ва янгиларини барпо этиш, шунингдек, “яшил” ривожланишни таъминлаш ва туризм алмашинувини қайта тиклаш учун саъй-ҳаракатларни биргаликда ишга солишга чақирди. Афғон халқига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, Афғонистон билан биргаликда минтақавий аҳамиятга молик йирик савдо, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

“Умумий интилиш ва ҳаракатларимиз натижасида Ташкилотимиз доирасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни яқин истиқболда сифат жиҳатидан янги поғонага кўтара олишимизга ишонаман”, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари саммитдаги нутқининг якунида.

Ўзбекистон раислигида ИҲТ Минтақавий режалаштириш кенгашининг йиғилиши (2022 йил 17-26 январь, Теҳрон), Қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича экспертлар гуруҳининг 4-йиғилиши (27 апрель, онлайн шаклда), ИҲТ Парламент Ассамблеясининг 3-конференцияси (17 май, Боку), ИҲТни ислоҳ қилиш ва самарадорлигини ошириш бўйича анжуман (22-24 май, Теҳрон), Қишлоқ хўжалиги вазирларининг 7-йиғилиши (5-6 июль, Тошкент), Туризм вазирларининг 4-учрашуви (13 декабрь, онлайн шаклда) бўлиб ўтди.

Жорий йил 24 январь куни Тошкент шаҳрида ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26-мажлиси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистоннинг ташкилотдаги раислиги якунлари сарҳисоб қилинади, яқин ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган режа ва вазифалар муҳокама қилинади.

Ўзбекистон дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, барқарорликни таъминлаш мақсадида ташкилот доирасидаги кенг кўламли ўзаро манфаатли алоқаларни фаол ривожлантиришда давом этади.

Мавзуга оид

ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий: 2022 йилд...

Ўзбекистон ўзининг буюк тарихий ва табиий диққатга сазовор масканлари билан ажралиб туради...

Шаҳрисабз шаҳри 2024 йилда ИҲТ туризм по...

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) сайтида ИҲТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг нав...

Ўзбекистон Президентининг ИҲТда 2022 йил...

Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) раислиги муносабати билан Президент Ш...

Сўнгги янгиликлар