02/Декабрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 2 декабрь. /«Дунё» АА/. Кеча Польшанинг Лодз шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва Испания ташқи ишлар, Европа Иттифоқи ва ҳамкорлик вазири Хосе Мануэль Альбарес Буэно ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, мулоқотда Ўзбекистон ва Испания ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари ўзбек-испан кўп қиррали ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Испанияни Европадаги ишончли ва истиқболли ҳамкор деб билади ва расмий Мадриднинг яқин келажакда Тошкентда элчихона очиш режаларини олқишлайди.
Томонлар жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Испания сиёсий маслаҳатлашувларининг еттинчи раундининг самарали натижаларини қайд этиб, ушбу шаклдаги мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Ташқи иқтисодий алоқалар кўрсаткичларини ошириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш, қўшма истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, мамлакатимиз бозори имкониятларини ўрганиш мақсадида Испаниянинг етакчи компанияларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш юзасидан аниқ таклифлар кўриб чиқилди.
Вазирлар туризм, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳам фикр алмашди.