30/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
ҚОҲИРА, 30 март. /«Дунё» АА/. Мисрнинг «Ал-Муватин» ва «Сада ал-Балад» ахборот агенликларининг веб-сайтларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Тилаволдиевнинг «Оқ пахтадаги «қора доғ» фожеаси такрорланмаслиги учун конституциявий асос яратилмоқда» сарлавҳали таҳлилий мақолани араб ва инглиз тилларида эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Муаллиф таъкидлаганидек, яқин йилларгача Ўзбекистонда ўқитувчилар, шифокорлар, умуман, ижтимоий соҳа ходимлари, ҳарбийлар, талабалар, энг аянчлиси, мактаб ўқувчиларининг мажбурий меҳнатга, айниқса, пахта йиғим-теримига жалб этилиши оддий ҳол эди.
«Айнан шунинг учун узоқ йиллар оқ пахтамиз жаҳон ҳамжамияти олдида биз учун «қора доғ» бўлиб келди», дейилади нашрда.- 2010 йилдан бошлаб «Cotton Campaign» халқаро коалицияси ўзбек пахатасига бойкот эълон қилиб, уни сотиб олишдан воз кечди».
Материалда узоқ йиллик машаққатли меҳнат, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг саъй-ҳаракати, қишлоқ хўжалиги соҳасида инқилобий ислоҳотлар ўтказилиши ва бошқа чора-тадбирларни тизимли ташкил этилиши натижасида 2022 йил 10 март куни «Cotton Campaign» коалицияси Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган 12 йиллик бойкотни бекор қилгани маълум қилинган.
«Мажбурий ва болалар меҳнатининг тақиқланиши Конституцияда белгилаб қўйилиши ушбу сиёсий қарор абадий эканини кўрсатади,- дея қайд этади муаллиф. - Конституциямизга киритилаётган муҳим ўзгаришлардан бири айнан мажбурий меҳнат, хусусан, болалар мажбурий меҳнатига тўлиқ барҳам берилиши билан боғлиқ бўлмоқда. 44-моддага кўра, «Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади».
Шунингдек, материлада болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади Асосий қонун лойиҳадан ўрин олганига алоҳида урғуланган.
«Албатта, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши Бош қонунда тўғридан-тўғри ёзиб қўйилиши кўрсатилган сиёсий қатъиятдан ортга қайтилмасликни ифодалаб, ушбу соҳада эришилган ютуқларни янада мустаҳкамлайди», дея таъкидлайди Миср ОАВ.
Мақолада таъкидланганидек, ушбу конституциявий норма болаларнинг соғлиғи, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган тарзда меҳнат қилишига тўсқинлик қилмайди. Яъни Мактабдан кейин ёки таътил даврида боланинг уй, оилавий ҳамда қишлоқ хўжалиги ишларида ота-онасига ёрдам бериши имконияти сақлаб қолинади.
«Хулоса қилиб айтганда, ўзгараётган Конституциямизнинг ҳар бир нормаси барча аҳоли қатламлари манфаатларини инобатга олган, жамиятимизни янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бирлаштиридиган, мамлакатимиз тараққиётига кўп йиллар хизмат қиладиган мукаммал хуқуқий асос бўлади, деб айта оламиз», деб ёзади депутат Нодир Тилаволдиев.