Uz / Ўз Ru En

Toshkent

17/Июль/2020   Жамият

Ўзбекистон Покистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатди


ТОШКЕНТ, 17 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бугун дунёда ҳукм сураётган коронавирус пандемияси даврида қатор давлатларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиб, дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилларига содиқ эканини намойиш этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан бугун ана шундай навбатдаги кўмак Покистон Ислом Республикасига етказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Коронавирус инфекцияси тарқалишини бартараф этиш учун зарур тиббий ускуналар, буюмлар ва дори воситалари шаклидаги юк Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан мамлакатимиз Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида Исломободга олиб борилди.

Инсонпарварлик юки мавжуд давлат захиралари ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар маҳсулотлари асосида шакллантирилди.

Тиббий ниқоб, оёқ ҳимоя воситалари, пирометрлар, кальций глюконат, кальций хлорид, магний сульфат, натрий хлорид, новокаин каби дорилар мавжуд захиралар ҳисобидан етказиб берилган бўлса, “Eco Breath”, “Birja Faol Savdo”, “Gold Grown Pharma”, “Maximum Dream” корхоналари томонидан ҳимоя кўзойнаги, тиббий қўлқоп, респиратор ва антисептик воситалар тақдим этилди.

Ўз навбатида, мамлакатимиз кўрсатган кўмак Покистон жамоатчилиги томонидан илиқ қарши олинди, ушбу мамлакат оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.

Хусусан, Покистоннинг "Diplomatic News Agency" ахборот агентлиги ва "Islamabad Post" газетаси хабарларида Исломободга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 25 тонналик гуманитар ёрдам етказилгани таъкидланади.

Нашрлардаги мақолаларда таъкидланишича, юк биродар Покистон халқи учун мўлжалланган ва ушбу мамлакат ҳукуматининг коронавирусга қарши кенг кўламли саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида тақдим этилган.

“Ўзбекистон Покистонни ҳар доим қўллаб-қувватлаб келган ва ушбу инсонпарварлик акцияси икки давлат халқларининг самимий дўстлиги, бир-бирига бўлган ишончи ва ҳурматидан далолат беради.

Мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий алоқалар фаол ривожланмоқда, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун ишбилармон доиралар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда”, дея қайд этилади Покистон оммавий ахборот воситаларида.

Мавзуга оид

Сингапур компанияси Ўзбекистонга коронав...

Сингапурда жойлашган MIRXES компанияси мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги элчихонасига корон...

Ўзбек рақслари бўйича онлайн дарслар омм...

Дунёнинг турли давлатларидан 80 нафардан зиёд инсон Буюк Британия – Ўзбекистон дўстлик жам...

Таълимда «Times Higher Education» халқар...

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан «Times Higher...

Сўнгги янгиликлар