Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

30/Сентябрь/2021   Президент

Ўзбекистон Президенти Андижон вилоятида бўлди

ТОШКЕНТ, 30 сентябрь. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёев кеча корхоналар фаолияти, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалар ҳаёти ва аҳоли билан мулоқот қилиш учун кеча Андижон вилоятида бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


«Янги Ўзбекистон» газетасининг ёзишича, давлат раҳбари  Андижон туманида сайловчилари билан учрашди.

Шундан кейин Президент Андижон давлат тиббиёт институти клиникасини бориб кўрди.

Бу шифохона 1975 йилда қуриб битказилган. Кейинчалик жорий таъмирлаш ишлари бажарилган. Клиникага йилига ўртача тўқсон мингдан ортиқ мурожаат бўлади. Ўттиз мингдан зиёд бемор стационар тарзда даволанади. Шунингдек, Андижон давлат тиббиёт институти талабалари амалий машғулотларини шу ерда ўтказади.

Лекин шифохонада бунинг учун шароитлар етарли эмас. Бинолар эскириб, таъмирталаб бўлиб қолган.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги аҳволни кўздан кечирди. Клиникани тўлиқ реконструкция қилиб, унинг негизида водий аҳолиси учун кардиология, нейрохирургия, кўз касалликлари ва урология бўйича мураккаб операциялар ўтказадиган тиббиёт маркази ташкил этишга кўрсатма берди.

Президент шифокорлар билан суҳбатлашди.

– Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун, энг аввало, одамларнинг саломатлиги ва яшаш шароитини яхшилашимиз керак. Бу институт ва клиника шу борада катта марказлардан бири бўла олади. Бунинг учун зарур шароитларни яратамиз. Фақат таълим методикасини янгилаш, дунё тиббиётида қўлланилаётган илғор услубларни татбиқ этиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

 Шу ерда Андижон вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Мутасаддиларга аҳолиси кўп Шаҳрихон тумани мисолида тиббий кўрик ўтказиб, касаллик турлари бўйича даволашнинг янги услубларини амалиётга жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги «Янги авлод» хусусий мактаби фаолияти билан танишди.

Минг ўринли мазкур умумтаълим мактаби бу йил илк ўқувчиларини қабул қилди. Уч қаватли иккита ўқув биносида 55 та синфхона, 3 та лаборатория, фан кабинетлари бор. Улар замонавий ўқув жиҳозлари ва ускуналар билан таъминланган.

Мактаб чет тилларига ихтисослаштирилган бўлиб, инглиз, хитой, араб тиллари чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади.

Шунингдек, аниқ фанларни инглиз тилида интерфаол тарзда ўқитиш, ментал арифметика, ахборот технологиялари, робототехника тўгараклари ташкил этилган. Ошхона, очиқ ва ёпиқ спорт майдонлари, гимнастика ва хореография хоналарида зарур шароитлар яратилган.

Президент мактаб ўқувчилари билан суҳбатда уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлади.

– Сизлар энг тўғри йўлни – билим йўлини танлагансизлар. Ҳеч қачон ўқишдан, изланишдан тўхтаманглар. Вақт тез ўтади, эртага ҳаётда муносиб ўрин топишингиз, замонга мос мутахассислар бўлиб етишишингиз учун бугун ўқишингиз керак. Мен ишонаман, сизлар мутлақо янги авлод ёшлари бўлиб улғаясизлар, ота-онангиз, эл-юртингиз орзусини рўёбга чиқарасизлар. Чунки сизларда билим бўлади. Билим эса, кўп бор айтганимдек, ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди. Яккаю ягона нажотимиз – илм, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда мактабгача таълим муассасаси ва университет барпо этиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Унга кўра, мактаб ёнида 150 ўринли боғча, 500 ўринли ахборот технологиялари университети қурилиши режалаштирилган. Шу тариқа боғча, мактаб ва университет таълим кластерига айланади. Уларда болалар боғча ёшидан чуқурлаштирилган билим олиб, ахборот технологиялари бўйича етук мутахассислар бўлиб етишади.

Давлат раҳбари шу ерда журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифини якунланди.

Мавзуга оид

Россия Президенти телефон орқали Ўзбекис...

Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин телефон ор...

Ўзбекистон Президенти: Аёл ишли бўлиб, к...

Президент Шавкат Мирзиёев бугун Андижон вилоятига ташрифини Избоскан туманининг энг чекка...

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг учин...

Кеча Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасида «Аваза» миллий сайёҳ...

Сўнгги янгиликлар