Uz / Ўз Ru En

Toshkent

07/Май/2021   Президент

Ўзбекистон Президенти Рустам Қосимов оиласига ҳамдардлик билдирди


ТОШКЕНТ, 7 май. /«Дунё» АА/. Президентимиз Шавкат Мирзиёев  бугун оғир касалликдан сўнг вафот этган давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси, таниқли олим ва педагог Рустам Қосимов хонадонига ташриф буюриб, марҳумнинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати маълумотига кўра, Рустам Қосимов 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетида ўқиб, меҳнат фаолиятини Тошкент сув хўжалиги институтида араб тили таржимонлигидан бошлаган. Кўп йиллар олий таълим соҳасида турли вазифаларда ишлаган. 2004-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари сифатида фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳалар ривожига ҳисса қўшган. Охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори вазифаларида ишлаб келаётган эди.

Р.Қосимовнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, 2006 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.

Давлатимиз раҳбарининг кўнгил сўраши оғир дамда марҳумнинг оиласига ҳамдардлик, катта далда бўлди. 

Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо қилинди.

Президентимиз марҳумнинг эзгу ишларини ёдга олди.

– Жуда қайғудаман. Қўлимиздан келганини қилдик. Худонинг иродаси экан. Ватанга садоқатли, фидойи, ақлли, миллатимизнинг зиёлиларидан бирини йўқотдик. Биз жуда кўп йиллари бирга ишлаганмиз, оғир кунларимиз ҳам бўлган. Ҳозир ҳам менга энг катта ёрдамчи, маслаҳатгўй эди. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. Ишларини фарзандлари давом эттирсин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Президенти: Биз тинчлик ва ба...

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан биргаликд...

Ўзбекистон Президенти ва Қозоғистон Бири...

Президент Шавкат Мирзиёев бугун Қозоғистон Биринчи Президенти, Элбоши Нурсултон Назарбоев ...

Ўзбекистон Президенти БАА энергетика ва ...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Бирлашган Араб Амирликлари энерге...

Сўнгги янгиликлар