Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

18/Август/2022   Президент

Ўзбекистон Президенти: Вазирлик ва идоралар раҳбарлари Саудия Арабистонига давлат ташрифи доирасида эришилган барча келишувлар ижроси учун шахсан жавобгар бўлади

ТОШКЕНТ, 18 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.


Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ ҳамда  подшоҳликнинг «ACWA Power», «SABIC», «Saudi National Bank», «Al Rajhi Capital», «Ma'aden», «Petromin» «Jamjoom Pharma», «SEDCO», «Salic», «Albawani», «Ajlan & Bros», «Desert Technologies» каби йигирмага яқин энг йирик компания ва корпорациялари раҳбарлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг хорижга ташрифлари давомида ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашувлар ўтказиш анъанага айланган. Бундай мулоқотлар манфаатлар туташган нуқталарни аниқлаш, саноат кооперацияси ва инвестицион ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олиш учун яхши имконият.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўзаро муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун улкан салоҳиятга эга. Кейинги йилларда Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми ортиб, қўшма корхоналар очилмоқда.

Президентимиз кеча Валиаҳд шаҳзода билан музокараларда икки томонлама савдо айланмасини бир неча карра кўпайтириш, тадбиркорларнинг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва инвестиция лойиҳаларни молиялаштириш бўйича келишувга эришилганини таъкидлади.

Бу ҳамкорликдаги бизнес учун қулай имконият. Хусусан, Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланиш, хорижий сармоя иштирокини кенгайтириш учун энг қулай шароитлар яратилмоқда.

Мамлакатимизда муваффақиятли иш юритаётган Саудия компанияларининг тажрибаси кўрсатиб ўтилди. Масалан, “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик энергетика лойиҳалари бошланган.

Иштирокчиларнинг эътибори ташриф арафасида ўтган Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлар кенгаши йиғилишининг мисли кўрилмаган натижаларига қаратилди. Жумладан, унинг якунида умумий қиймати 14 миллиард долладан зиёд лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида битимлар имзоланди.

Ўтган 30 йилда бундай улкан келишувларга эришилмагани, саудиялик ҳамкорлар учун энг яхши шароитлар яратиш ишлари давом эттирилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Саудия компанияларини янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда янада яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.

Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев икки томонлама шерикликни ривожлантиришга доир фикрларини баён қилди. Хусусан, саудиялик ишбилармонлар Ўзбекистондаги йирик банклар, саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этишга таклиф этилди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун энг истиқболли соҳалар сифатида “яшил” энергетика ва “яшил” иқтисодиёт кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон шамол электр станцияларини барпо этиш, “яшил” водород ишлаб чиқариш, муқобил энергетикани ривожлантириш, саноатда рақамлаштиришни чуқурлаштириш ва қўшма илмий тадқиқотлар билан шуғулланиш борасида фаол ҳамкорликка тайёр экани таъкидланди.

Мамлакатимиз етакчиси юртимиз рақамли иқтисодиёт, био ва нанотехнологиялар, дастурий таъминот, инновациялар ва сунъий интеллект соҳаларида шерикликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини қайд этди.

Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш ва туризм лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш таклиф қилинди.

Шунингдек, мамлакатимизда Саудия тараққиёт фонди иштирокида сув ва электр таъминоти борасидаги инфратузилмавий лойиҳаларни такомиллаштириш ишларини давом эттириш режалаштирилган.

Ҳамкорлик қилиш таклифига жавоб берар экан, Саудия Арабистони компания, холдинг ва корпорациялари раҳбарлари Ўзбекистонда фаол бизнес учун яратилган шароитларни юксак баҳолади. Ўз чиқишларида улар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режаларини баён қилиб, турли хил йўналишларда ўзаро алоқалар ва шерикликни ривожлантиришга доир нуқтаи назари билан бўлишди.

Президент Шавкат Мирзиёев саудиялик ҳамкорларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазаларини диққат билан тинглаб, барча лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатилишини қайд этди.

Мутасаддиларга таъсирчан механизмлар ва аниқ ижро муддатлари кўрсатилган комплекс “Йўл харитаси”ни қабул қилиш топширилди. Шу орқали ташриф доирасида эришилган барча келишувлар ижроси учун тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари шахсан жавобгар бўлади.

Мавзуга оид

Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш ...

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни янада...

Ўзбекистон Президенти нефть-газ соҳасида...

Президент Шавкат Мирзиёев бугун нефть-газ хомашёсини қазиб олиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришн...

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари ў...

Бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва с...

Сўнгги янгиликлар