Uz / Ўз Ru En

Toshkent

27/Январь/2021   Сиёсат

Ўзбекистон Президенти жойларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этиш бўйича кўрсатма берди


ТОШКЕНТ, 27 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига таяниб.

Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Бу – аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади. Замон талабларини илғаш ва амалга ошириш, соҳа ва тармоқларни олға бошлашда бу жуда катта таянч, бебаҳо хазинадир.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшлари форуми ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ёш авлод манфаатларига қаратилган муҳим ғоя ва ташаббусларни илгари сурган эди. 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилинди.

Бугунги йиғилишда ўша форум ва Мурожаатномада айтилган таклифларни амалга ошириш, ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизимни жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ишлар иккита муҳим йўналишда ташкил қилиниши зарурлигини кўрсатиб ўтди. Биринчиси – ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўлса, иккинчиси – ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишдир.

Бугунги кунда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз экани қайд этилди. Шу борадаги масалаларни тизимли ҳал этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи жойларда ўғил-қизларнинг таклифларини “маҳаллабай” ўрганмоқда. Бу ўрганишлар ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, улар учун кредит ажратишда ҳалигача кўплаб камчиликлар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида ҳам кўплаб муаммолар бор. Аксарият маданият марказлари, истироҳат боғлари ва спорт комплексларининг моддий-техник базаси қониқарсиз, тўгараклар номига ишлаяпти.

Йиғилишда бу муаммоларни манзилли ҳал этиш учун ҳар бир туман ва шаҳар кесимидаги устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди. Унга мувофиқ, ҳокимнинг иқтисодиёт, инвестициялар ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари – бандлик масалаларига;

солиқ идораси, савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбарлари – ёшларни тадбиркорликка жалб қилишга;

ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга;

туман прокурори, ички ишлар ва мудофаа бўлими бошлиқлари – уюшмаган ёшлар билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга масъул бўлади.

Жорий йилда 500 минг нафар ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш зарурлиги таъкидланди. Туман ва шаҳарларда анъанавий ёки масофавий ўқув курсларини кўпайтириш, ишсиз ёшларни ушбу тизим орқали касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиб, бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

“Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунар коллежларини асбоб-ускуна билан таъминлаш, касб стандартларини ишлаб чиқиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш вазифалари белгиланди.

“Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ўғил-қизларни тадбиркорларга бириктириб, уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиб, ўз фаолиятини бошлашга кўмаклашиш зарурлиги айтилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига жойларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

Йиғилиш давом этмоқда.

Мавзуга оид

Ўзбекистон Президенти раислигида йиғилиш...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 август куни умумий ўрта т...

БМТ Халқаро ҳуқуқ комиссияси кўриб чиқаё...

2020-йил 28-май куни БМТ Халқаро ҳуқуқ комиссияси томонидан кўриб чиқаётган долзарб мавзул...

Покистондан муносабат: Ўзбекистон Презид...

Бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти нафақат энг йирик минтақавий ташкилот, балки халқ...

Сўнгги янгиликлар