18/Май/2022 Ўзбекистон дунё нигоҳида
АБУ-ДАБИ, 18 май. /«Дунё» АА/. Бирлашган Араб Амирликларининг бир неча оммавий ахборот воситаларида, хусусан, «WAM» хусусий агентлиги, «The National» ва «Al Ittihad» газеталарида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён вафоти муносабати билан ўтказилган таъзия маросимида иштирок этгани ҳақида туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Нашрлар Абу-Даби шаҳрида Ўзбекистон Президенти БААнинг янги Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, ташқи ишлар вазири Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён ҳамда Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазири Мансур бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашувлар ўтказиб, уларга ҳамдардлик билдирганини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилган.
БАА оммавий ахборот воситалари ўз материалларида таъзия маросимларида, шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Туркманистон Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Уммон султони Хейсам бин Торик, Исроил Бош вазири Нафтали Беннет қатнашганини ҳам маълум қилган. «Маросимда жами 40 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди» деб ёзади нашрлар.