12/Ноябрь/2020 Сиёсат
ТОШКЕНТ, 12 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Исроилнинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Зехавит Бен Хиллель билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Олий Мажлис Сенати Ахборот хизматига кўра, суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Исроил Кнессети ўртасидаги доимий мулоқотни йўлга қўйиш тўғрисида фикр алмашди. Парламентлараро ҳамкорлик давлатлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш имкониятини бериши таъкидланди. Шу жиҳатдан элчи Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасига юқори баҳо берди. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланиши мамлакатимизнинг демократик тараққиёт йўлидаги муҳим ютуғи бўлди.
Мулоқот чоғида томонлар пандемия билан боғлиқ вазият ва икки мамлакатда кўрилаётган чораларни муҳокама қилди. Ўз вақтида амалга оширилаётган чоралар COVID-19 оқибатларини имкон қадар камайтиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, томонлар янги технологияларни жорий этиш, таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.