Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

19/Август/2022   Долзарб

Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан биродарлик маънавий алоқалари

ТОШКЕНТ, 19 август. /“Дунё” АА/. Шу кунларда Икки муқаддас масжид хизматчиси – Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан мусулмон дунёси марказида бўлиб турибди.


Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Жидда шаҳрига ташриф буюриб, олий даражада музокаралар ўтказди, Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари ва халқаро тузилмалари – Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом тараққиёт банки раҳбарияти билан учрашди. Учрашувлар натижасида йирик ҳажмдаги келишувлар тўплами имзоланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг бутун мусулмон олами учун муқаддас бўлган Макка ва Мадина шаҳарларига ташрифи муҳим воқеалардан бири бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон билан кўп асрлик алоқаларга эга бўлган Саудия Арабистони Подшоҳлигига буюрилган мазкур ташриф  нафақат сиёсий ёки савдо-иқтисодий аҳамиятга эга, балки муқаддас Ислом қадамжоларини зиёрат қилиш билан боғлиқ маънавий воқеа ҳамдир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Ислом динига эътиқод қилувчи ўзбек халқи учун Саудия Арабистони Подшоҳлиги диққатга сазовор марказдир. Ҳар бир тақводор мусулмон Ислом цивилизацияси юрагини зиёрат қилишга, кичик ва катта Ҳажнинг барча амалларини бажаришга интилади.

 Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон (1908-1982) икки мамлакат халқларини бир-бирига яқинлаштиришда, қолаверса, минтақамиз мусулмонларининг муқаддас Макка ва Мадина каби маънавият шаҳарларини зиёрат қилишлари учун кенг имкониятлар очишда катта тарихий рол ўйнаган – у Ислом дини уламоси, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси иккинчи раиси, беш республика муфтийсидир (1957-1982).

Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон 1908 йилда Тошкентда машҳур диний арбоб Эшон Бобохон оиласида туғилган. 12 ёшида Қуръонни ёд олди ва “Кўкалдош” мадрасасида ўқишни давом эттирди.

Мусулмонлар таълим муассасасини тугатгач, у Тошкент масжидларида имом-хатиб бўлиб хизмат қила бошлаган, бироқ 1941 йилда отаси билан бирга диний устозликда айбланиб ҳибсга олинган.

Ўша йилнинг октябрь ойида Бобохоновларга нисбатан иш тўхтатилди. Жанговар атеизм сиёсати диний бағрикенглик билан алмаштирилди, Марказий Осиёда Исломнинг тикланиш босқичи бошланди, бунда Бобохоновлар оиласи энг муҳим роллардан бирини ўйнади.

Айтиш жоизки, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон бошчилигидаги нуфузли мусулмон арбоблари ташаббуси билан минтақа мусулмон жангчилари учун ўзига хос фатво қабул қилинган эди: “...Барча халқлар билан елкама-елка бўлиб, фашист босқинчиларига қарши мард шерлардек жанг қилинг, зулмкор фашистларни йўқ қилингки, сайёрамизда бирорта ҳам қолмасин! Ҳар қарич еримизни асранг, сафларингизни темир интизом билан мустаҳкамланг. Биз барча мўминларни Аллоҳга дуо қилишга ва аскарларимизни душман устидан тез ғалаба келтиришда ёрдам сўрашга чақирамиз...”

Бундан ташқари, Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ташаббуси билан масжидларда ўтказилган хайрия тадбирлари натижасида 1943-1944 йилларнинг ўзида 970 минг рубль йиғилган.

1945 йилга келиб Мусулмонлар диний бошқармаси ҳарбий эҳтиёжлар учун давлат ҳисобига 2 миллион рубл ўтказди. Шу тариқа Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон фашизм ва фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган.

 1943 йил октябрь ойида бўлиб ўтган мусулмонларнинг биринчи қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси тузилди. Минтақамиз давлатларидан 160 нафар вакил иштирок этган қурултойда Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг масъул котиби этиб сайланди.

Бир неча йиллик машаққатли меҳнатдан сўнг мусулмонларнинг учинчи Қурултойида (1957 йил июнь) Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг янги раиси ва бешта республика муфтийси этиб сайланди. Ўша йили унинг саъй-ҳаракати билан Имом ал-Бухорий дафн этилган масжид ва узоқ вақтдан бери омбор сифатида фойдаланилган мажмуа Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасига қайтарилди. 1957 йилда Собиқ Иттифоқ даврида биринчи марта мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръон нашр этилди ва у собиқ иттифоқ ҳокимияти давридаги ягона нашр бўлиб қолди.

Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон Саудия Арабистонидаги авваллари таъқиқланган Ислом зиёратгоҳларида Ҳаж ва Умра  зиёратларини ташкил этишда беқиёс ҳисса қўшган. Шундай қилиб, 1944 йилда Собиқ Иттифоқ Халқ Комиссарлари Кенгаши (1946 йилдан - Вазирлар Кенгаши) ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Кенгаш Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасига бир гуруҳ мусулмонларни Ҳажга тайёрлашни топширди.

Ҳаж зиёратининг қайта тикланиши ва зиёратчилар квотасининг кўпайишига Зиёуддин Бобохоновнинг обрў-эътибори ва шахсий ташаббуси сабаб бўлди. Натижада 1944 йилнинг ноябрь ойида олти нафар мусулмон ҳажга борди, шундан сўнг улар мусулмон мамлакатларида бўлиб, 1945 йилнинг февралида СССРга қайтиб келишди.

1990 йилда 750 нафар совет мусулмонига Ҳажга боришга рухсат берилди. Биринчи марта бу воқеа совет матбуотида ёритилган.

Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси сифатида 1982 йил октябригача ишлади ва ўша йилнинг 23 декабрида истеъфога чиққанидан сўнг вафот этди. Ҳукумат қарори билан Тошкентдаги Қаффал Шоший мақбарасига дафн этилган.

 Отасининг улуғвор фаолиятини ўғли, таниқли олим, диншунос, халқ дипломати, Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Шамсиддинхон Бобохонов давом эттирди. Шамсиддинхон Бобохонов 1937 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 1955 йилда ўрта мактабни тугатгач, Тошкент Чет тиллар институтига, 1961 йилда эса Москвадаги СССР Фанлар Академияси Шарқшунослик институти аспирантурасига ўқишга кирган, у ерда араб филологиясига қизиқади.

Бу вақтда у Собиқ Иттифоқ мусулмонлар ташкилотининг янги тузилган халқаро алоқалар бўлимида ишлаш билан бирга ўқишни давом эттиради.

Бир мунча вақт ўтгач, у араб тилини мукаммаллаштириш учун Қоҳирадаги “Ал-Азҳар” университетига юборилади.

1974 йилда Тошкент Ислом институтига ишга ўтказилди. Бу даврда у хорижий ва Марказий Осиё илоҳиётшуносларининг илмий асарларини фаол ўрганади ва таржима қилади, китоблар нашр этади, бунинг натижасида Ислом илмий олами доктор Шамсиддинхон Бобохоновни буюк олим ва дин арбоби сифатида тан олади.

1982 йил октябрда Тошкентда бўлиб ўтган вилоят мусулмонлари Қурултойида у бешта республика муфтийлик олий мартабаси билан бир овоздан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси этиб сайланди.

 Ўзининг ўттиз йиллик фаолияти давомида олим, муфтий Шамсиддинхон Бобохонов Ислом оламида танилган нуфузли диний арбобга айланди.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасини тарк этгач, у илмий ходим сифатида Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида машҳур ва улуғ дин олимлари, ўз вақтида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини шарҳлаган –  Имом ал-Бухорий, Абу Довуд, ат-Термизий, ан-Насоий, Ибн Можа, ад-Дарамий, Муслим ҳаётидан фактлар тўплаш билан шуғулланади.

Ўзбекистон 1991 йилда давлат мустақиллигига эришгач, дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан, Ислом давлатлари билан дипломатия алоқаларини ўрната бошлади.

Шамсиддинхоннинг мусулмон оламидаги улкан нуфузи, билими ва шахсий фазилатлари инобатга олиниб, 1994 йилда Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланади. 2001 йилгача Саудия Арабистони Подшоҳлиги, шунингдек, бир вақтнинг ўзида Жазоир, Баҳрайн, Қувайт ва Иордания Ҳошимийлар Қироллигида ишлаган.

 Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан икки томонлама дўстона муносабатлар ўрнатилиши ва изчил ривожланишига бевосита шахсий ҳиссасини қўшди.

Шамсиддинхон Бобохонов 58 ёшида мутлақо етук шахс ва таниқли дин арбоби сифатида дипломатик хизматга келган. Араб мамлакатларига етиб келганида у нафақат ўз она юртида, балки араб дунёсида ҳам таниқли дин арбоби ва олим сифатида шуҳрат қозонди.

Ўзбекистон элчисининг бенуқсон дипломатик фаолияти Саудия Арабистони Подшоҳлигида юқори баҳоланди. Шундай қилиб, муболағасиз айтиш мумкинки, Шамсиддинхон Бобохонов араб мамлакатларида мустақил ўзбек дипломатиясига асос солган.

У 2003 йил апрель ойида 66 ёшида вафот этган. Минглаб тошкентликлар, араб давлатлари элчихоналари дипломатия корпуси вакиллари Баракхон мадрасасидаги Ҳазрати Имом майдонига уни сўнгги сафарга кузатиш учун келади. Шамсиддинхон Бобохонов Тошкент шаҳридаги Ғойиб ота қабристонидаги оилавий мозорга катта бобоси Абдулмажидхон Эшон ёнига дафн этилган.

Зиёуддинхон ибн Эшон ва Шамсиддинхон Бобохоновлар ўзларининг онгли ҳаёти давомида Исломни умуминсоний тинчлик ва дўстлик дини сифатида – барча замонлар ва халқлар учун тарғиб қилдилар.

Улар бутун собиқ СССР ҳудудида мусулмон жамиятининг маънавий-ахлоқий асосларини ва Ислом маданиятини тикладилар. Улар юзлаб шогирдларни – эзгу мақсад давомчиларини тайёрладилар, издошлари сони миллионларни  ташкил этади. Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон муфтийларининг деярли барчаси Ўзбекистондаги маънавият муассасаларида таълим ва тарбия олган.

Рамзиддин Ғуломов,
Марказий Осиё халқаро институти бош илмий ходими

Анвар Солиҳбоев,
Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими

Мавзуга оид

Брис Рокфей: БМТ Бош ассамблеяси томонид...

Франциянинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлари вакили Брис Рокфей «Дунё» АА мухбирига берган и...

“Табаррук зиёрат” лойиҳаси доирасида Сам...

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти Ко...

Ягона интерактив давлат хизматлари порта...

Энди Ягона интерактив давлат хизматлари портали тизимида архив маълумотлари (Мавзули сўров...

Сўнгги янгиликлар