29/Декабрь/2021 Марказий Осиё
ТОШКЕНТ, 29 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Тожикистон элчиси Абдужаббор Раҳмонзодани қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Вазирлик маълумотига кўра, учрашувда сув хўжалиги масалалари бўйича Ўзбекистон-Тожикистон ишчи гуруҳининг фаолияти, Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги ва Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
2021 йилда сув ресурслари ҳар йилгидан 25-30 фоиз танқис бўлишига қарамасдан суғориш мавсуми муваффақиятли ўтказилгани, ҳар икки томон сув билан боғлиқ масалаларни ҳамжиҳатликда ва ўзаро келишган ҳолда ҳал этиб келаётгани таъкидланди.
Ўзбек ва тожик халқлари ўртасида маданий-маърифий, таълим-фан соҳаларидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2019 йилда «Ўзбекистон – Тожикистон» дўстлик жамияти ташкил этилгани ва дўстлик жамияти фаолияти 2021 йил самарали бўлгани қайд этилди.
Мулоқот чоғида 2022 йилда «Ўзбекистон – Тожикистон» дўстлик жамияти билан ҳамкорликда учрашувлар, бошқа тадбирлар ўтказиш масалалари хусусида ҳам фикр алмашилди.