06/Июль/2021 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 6 июль. /«Дунё» АА/. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бугун расмий ташриф билан мамлакатимизга келган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси раиси Волкан Бозкир билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги манбасига кўра, суҳбат давомида Ўзбекистон билан БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда истиқболлари, жумладан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, гендер тенглигини таъминлаш, имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, коронавирус пандемияси оқибатларига қарши курашиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш масалалари тўғрисида фикр алмашилди.
БМТ Бош Ассамблеяси раиси Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ доирасида илгари сурилган ташаббуслар, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақада тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси алоҳида таъкидланди.
Томонлар Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясини бир овоздан қабул қилинганини мамнуният билан қайд этдилар. Шу нуқтаи назардан, Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Яқин кунларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзуидаги юқори даражали халқаро конференциясида БМТ вакилларининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бугун анъанавий матбуот анжумани давомида 6 июль куни давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси раиси Волкан Бозкирни қабул қилишини маълум қилган эди.