26/Февраль/2021 Марказий Осиё
ТОШКЕНТ, 26 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 27 февраль куни амалий ташриф билан Қирғизистонга боради, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Вазирлик маълум қилишича, учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларининг асосий жиҳатлари, сиёсий-дипломатик, чегара, савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий суръатларини янада жадаллаштириш, минтақавий ва минтақалараро даражаларда инфратузилмавий ҳамда транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан фикр алмашинилади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 январь куни Садир Жапаровни 10 январь куни бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси ҳамда Қирғизистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумнинг муваффақиятли ўтказилгани билан чин дилдан табриклади.