01/Декабрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 1 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов бугун Италия элчиси Агостино Пинна билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, савдо-иқтисодий соҳадаги Ўзбекистон-Италия ҳамкорлигининг амалий жиҳатлари ҳамда унинг мумкин бўлган барча воситаларидан фойдаланган ҳолда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий дипломатияни чуқурлаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Савдони ривожлантириш, экспорт ҳажмини ошириш ва инвестицияй ҳамкорлигининг янги йўллари ва имкониятларини қидириб топиш бўйича икки томонлама саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти қайд этилди.
Элчи ўзбекистонлик ҳамкорлар билан бизнес алоқаларини ўрнатиш бўйича Италия бизнесининг қизиқиши ортиб бораётганини маълум қилди.
Ўзбек маҳсулотларини Италияга экспорт қилиш ҳажмини ошириш учун, биринчи навбатда, «GSP+» Европа Иттифоқи преференциялари тизими доирасида товарларни сертификатлаш ва стандартлаштириш, Ўзбекистонда саноат тармоқлари учун кадрлар тайёрлаш соҳасида малака ошириш ва тажриба алмашиш учун италиялик мутахассисларни жалб қилиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.