28/Апрель/2021 Иқтисодий дипломатия
ТОШКEНТ, 28 апрель. / «Дунё» АА /. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев 26 апрель куни Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик институти (МОМИҲИ) директори Саид Шакил Шоҳ билан онлайн шаклда музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Томонлар Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик масалалари, COVID-19 пандемиясининг минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсири, савдо-иқтисодий, сармоявий ва транспорт-коммуникация алоқаларини чуқурлаштириш имкониятларини муҳокама қилди.
МОМИҲИ институти раҳбари 2021 йил июль ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги
юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этишга қизиқиш билдирди.
Учрашув якунида МОМИҲИ институти ва Марказий Осиё халқаро институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, шунингдек, транспорт-коммуникация соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувларга эришилди.