09/Февраль/2023 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 9 февраль. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда иштирок этиб, ғазал мулкининг султони ҳайкали пойига гулчамбар қўйди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Буюк бобокалонимиз таваллудининг 582 йиллик тантаналари муносабати билан жорий йил Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан кенг халқаро академик жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбирлар, жумладан, навоийхонлик кечалари, илмий-амалий конференциялар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Мазкур анжуманларда навоийшунос олимлар, илм-маърифат вакиллари, шоирлар, таржимонлар ва ўзбек мумтоз адабиёти ихлосмандлари Навоий ижод гулшанининг жаҳон адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси, унинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикр билдирмоқда.
Ўзбекистоннинг хорижий дипломатик миссиялари томонидан Алишер Навоий таваллуд санасига бағишланган халқаро кўламдаги тадбирлар ўтказилиши давом этмоқда.