07/Февраль/2023 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 7 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов бугун мамлакатимизга «Ўзбекистон ва Қирғизистон: стратегик шерикликнинг янги истиқболлари» мавзусидаги халқаро давра суҳбатида иштирок этиш учун келган Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Асеин Исаевни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 26-27 январь кунлари Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи якунларини муҳокама қилинди. Олий даражада эришилган келишувларни сўзсиз амалга ошириш бўйича қўшма чора-тадбирларга эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари, ҳукуматлари ва ҳудудлараро йўналишида режалаштирилган мулоқотлар жадвали, уларнинг ташкилий ҳамда мазмуний жиҳатлари кўриб чиқилди.
Маданият ва таълим соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон-Қирғизистон дипломатик муносабатларининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказилаётган қатор тадбирлар, жумладан, Ўзбекистонда Қирғизистон маданият кунлари ва анжуманлар масалалари муҳокама қилинди.
Анвар Илёсов олган сурат («Дунё» АА).