21/Март/2023 Саналар
Ҳурматли ватандошлар!
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги жамоаси ва ўз номимдан барчангизни яшариш ва янгиланиш тимсоли, меҳр-мурувват, тинчлик ва эзгулик байрами Наврўзи олам билан самимий муборакбод этаман!
Буюк бобокалонимиз, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз”, дея ўз асарларида мадҳ этган ушбу қутлуғ сана Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарорига биноан ҳар йили халқаро даражада нишонланиб келаётгани Наврўзнинг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари башарият ҳаётидан чуқур ўрин эгаллаб бораётганидан далолат беради.
Наврўзи олам тараннум этган ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик, бағрикенглик ғоялари бугун муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ҳаётга тадбиқ этилаётган Янги Ўзбекистоннинг конструктив ва прагматик ташқи сиёсатида ўз аксини топмоқда. Ватанимиз эришаётган муваффақиятлар, юртимизда инсон манфаатлари, унинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.
Азиз юртдошлар!
Барчамиз учун қадрли Наврўз айёми билан чин дилдан табриклайман! Ушбу қутлуғ кун ҳар бир хонадонга, эл-юртимизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қут-барака олиб келишига тилакдошман!
Наврўзи Олам барчангизга муборак бўлсин!