25/Июнь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 25 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов кеча Эрон Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Ҳасан Каземи Кумийни қабул қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, учрашувда Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон-Эрон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, Афғонистон масаласи бўйича томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, томонлар Афғонистонни можародан кейин қайта тиклаш, қардош афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва минтақавий жараёнларга жалб қилиш масалалари бўйича конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр.
Эрон томони 2022 йил июль ойида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Афғонистон бўйича халқаро конференция ишида иштирок этишини тасдиқлади.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Эрон томонидан Афғонистонда инфратузилма, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокараларда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматилла Иргашев иштирок этди.