05/Ноябрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамроев бугун БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг (UNFPA) Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Флоренс Бауер билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА музбири.
ТИВ маълумотига кўра, суҳбат аввалида Эркин Ҳамроев Флоренс Бауерни UNFPA минтақавий директори лавозимига тайинлангани билан табриклади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва UNFPA ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Жамғарма делегациясига Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган, Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келадиган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Флоренс Бауер республикада, хусусан, гендер тенглиги, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.
Ўзбекистон ва БМТ Аҳоли жамғармаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, аҳолишунослик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.