06/Декабрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 6 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Польша элчиси Радослав Грукни қабул қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, Ўзбекистон-Польша кўп қиррали ҳамкорлигига оид кенг кўламли масалалар таҳлил қилинди.
Владимир Норов ЕХҲТга Польша раислигига ва жорий йилнинг 1-2 декабрь кунлари Лодзь шаҳрида бўлиб ўтган ташкилот Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши якунларига юқори баҳо берди.
Ўзбекистон делегациясининг 30 ноябрь – 3 декабрь кунлари Польшага ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш ва ишбилармон доиралар вакиллари учун ўзаро асосда қулай шароитлар яратиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Шу нуқтайи назардан, Польшада ишлаётган ўзбекистонлик тадбиркорлар дуч келаётган аниқ муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Музокараларда миграция соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, бу борада қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Анвар Илёсов олган сурат («Дунё» АА)