01/Декабрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 1 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида бугун вазирнинг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчиси Маниш Прабхат билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, мулоқотда олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши, шунингдек, Ўзбекистон-Ҳиндистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар тўқимачилик саноати, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, банклараро ҳамкорлик ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатларини кўриб чиқди.
Мазкур масалалар юзасидан Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг тегишли компания ва ташкилотлари ўртасида янада батафсил музокаралар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Экспорт турларини кенгайтириш, ижтимоий ривожлантириш қўшма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.
Икки томонлама муносабатларда ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш, янги ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишга ўзаро тайёрлик тасдиқланди.
Анвар Илёсов олган сурат (“Дунё” АА)