28/Октабрь/2021 Иқтисодий дипломатия
АМСТЕРДАМ 28 октябрь. /«Дунё» АА/. Нидерландиянинг «Diplomatic world» журналида Ўзбекистон тўқимачилик саноати салоҳиятига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Муаллиф тўқимачилик саноати Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий стратегик йўналишларидан бири эканини таъкидлаган.
Мақолада Ўзбекистон ҳудудида пахта етиштириш узоқ тарихга эгалиги қайд этилиб, Тошкентда дастлабки саноатлашган пахта тозалаш заводи 1847 йилда қурилгани маълум қилинган. Орадан бир неча йил ўтиб, Андижон, Каттақўрғон, Самарқанд, Марғилон, Қўқон ва Наманганда ҳам шундай заводлар бунёд этилдики, бу Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг технологик ривожланишига сабаб бўлди.
Нашр ушбу ўзгаришлар натижасида Ўзбекистонда пахтани бирламчи қайта ишлаш саноати вужудга келгани ҳақида ёзади. Маълумотларга қараганда, 1908 йил Туркистонда 204 та пахта тозалаш заводи фаолият юритган. 1915 йилга келиб уларнинг сони 235 тага етган. 20 аср бошида Фарғона водийси Марказий Осиёдаги энг йирик пахта ишлаб чиқарувчи минтақага айланган.
Муаллиф 1925-1991 йилларда ишлаб чиқариш ҳажми юқори бўлишига қарамай, Ўзбекистонда пахта толаси, асосан, хом ашё сифатида бошқа мамлакатларга экспорт қилинганига эътибор қаратган. Тайёр тўқимачилик маҳсулотлари эса бошқа мамлакатлардан импорт асосида сотиб олинган. Бу, албатта, иқтисодий жиҳатдан фойдасиз эди. Тўқимачилик саноати ривожланмаган, техника ва технология, заиф инновациялар ва инвестиция фаолияти, юқори энергия истеъмоли ва меҳнат интенсивлиги бўйича ривожланишнинг йўқлиги пахтадан ишлаб чиқарилган маҳаллий товарлар рақобатбардошлигининг паст бўлишига асосий сабаб бўлган.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг тўқимачилик саноатини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. 1995 йилдан бошлаб соҳага 2,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилди. Тўқимачилик фабрикаларини тўлиқ технологик занжирга, яъни ип-калава тайёрлашдан то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тизимга ўтказиш, уларни модернизация қилиш бўйича 300 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Натижада агар 1994 йилда тўқимачилик, кийим-кечак ва трикотаж маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми 7 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2006 йилда 300 миллион долларга, 2011 йилда 650 миллион долларга ва 2015 йилга келиб эса 1 миллиард доллардан оширишга эришилди. Сўнгги йиллардаги изчил ислоҳотлар самарасида бу кўрсаткич янада юксалди.
Мақола хулосасида «Ўзбекистон республикада тўқимачилик саноатини ривожлантириш сиёсатини тубдан ўзгартириб, кенг кўламли ишларни амалга оширди. Мустақиллик йилларида улкан ишлаб чиқариш салоҳиятига эга тизим яратилди», деб ёзади «Diplomatic world».