Uz / Ўз Ru En

Toshkent

02/Март/2021   Иқтисодий дипломатия

Ўзбекистон транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва уни халқаро транспорт тизимига интеграциялашувига қаратилган чора-тадбирлар амалга оширмоқда


ТОШКЕНТ, 2 март. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкент шаҳридаги «HYATT Regency» меҳмонхонасида “Ўзбекистон Республикасининг транспорт дипломатияси: минтақавий ҳамкорликнинг халқаро ҳуқуқий асослари” мавзусида "давра суҳбати" бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбирлари Музаффар Комилов ва Анвар Илёсов (фото).

Тадбирда мамлакатимизнинг вазирлик ва идоралари, академик ва ишбилармон доиралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

“Давра суҳбати” Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ва Конрад Аденауэр (Германия) жамғармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анжуман иштирокчилари юк ташиш соҳасидаги минтақавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, соҳада мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилди.

Халқаро юк ташиш жараёнида қоғозсиз тизимни жорий қилишнинг афзалликлари ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон бу каби тизимни амалиётга тадбиқ этишда Марказий Осиё мамлакатлари орасида илғорлик қилаётгани қайд этилди.

Иштирокчилар янги транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш бўйича қонунчилик базасини такомиллаштириш ва халқаро келишувларни амалга ошириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий мамлакатларга ташиш учун қулай шарт-шароит яратиш масалалари бўйича фикр алмашди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев “давра суҳбати” иштирокчилари эътиборини республика раҳбарияти томонидан транспортни ривожлантириш, соҳани такомиллаштириш, транспорт инфратузилмасини миллий ва халқаро даражаларда модернизациялаш, Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини ошириш ва халқаро транспорт тизимига интеграциялашув борасида белгилаб берилган устувор вазифаларга қаратди. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган халқаро ташаббуслар, хусусан, БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш бўйича таклифга алоҳида урғу берилди.

Бундан ташқари, анжуман иштирокчиларига Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган трансафғон транспорт коридорини яратиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида маълумот тақдим этилди.

Ўзбекистон транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча соҳаларини жадал ривожлантиришга, айниқса, транспорт-коммуникация соҳасини ривожлантиришга катта эътибор берилаётганини таъкидлади.

2020 йилда умумий юк ташиш ҳажми 1,3 миллиард тонна (ўтган йилга нисбатан 104,6% ўсди), юк айланмаси эса 40,1 миллиард тонна/км (101,8%) ни ташкил этди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда транспорт тармоғи ялпи ички маҳсулотнинг 6,4 фоизини, жами инвестицияларнинг 7,4 фоизини, хизматлар бозорининг 29,5 фоизини ташкил этмоқда.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2020 йилда юк ташиш умумий ҳажми ўтган йилга нисбатан 7 фоизга ўсган, деди Жасурбек Чориев.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Шартнома-ҳуқуқ бошқармаси бошлиғи Комил Рашидов Ўзбекистонда транспорт ва логистика марказларининг кенг тармоғи мавжудлигини таъкидлади. Бироқ, афсуски, мамлакатдаги барча терминаллар ҳам замонавий талабларга жавоб бермайди. Бозор талаблари бугунги кунда савдо ва транспорт инфратузилмасини доимий равишда такомиллаштириш зарурлигини тақозо этмоқда. Шу сабабли мамлакатда экспорт-импорт юкларини сақлаш, қайта ишлаш ва тарқатиш учун замонавий омбор мажмуаларини яратиш жараёни доимий равишда олиб борилмоқда. Янги омбор терминаллари барча ички юк оқимларига, шунингдек республикадан транзит орқали ўтадиган юкларга хизмат кўрсатиши мумкин.

Бугун барпо этилаётган “қуруқликдаги порт” вазифаларини бажарадиган транспорт-логистика марказлари халқаро транспорт оқимларини оптималлаштиришда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Озарбайжон аҳолига давлат ...

Ўзбекистон элчиси Баҳром Ашрафхонов Озарбайжон Президенти ҳузуридаги Хизматлар кўрсатиш ва...

Ўзбекистон Моддий меросни сақлаш ва таъм...

Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги доимий ваколатхонаси Моддий меросни сақлаш ва таъмирлаш масалала...

Хитой компанияси билан қишлоқ хўжалиги м...

Тадбирда “Ўзагросервис” акциядорлик жамияти раҳбарияти, “BOSHIRAN” компанияси вакиллари ҳа...

Сўнгги янгиликлар