Uz / Ўз Ru En

Toshkent

11/Декабрь/2020   Медиа

Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчилари онлайн-саммити ҳинд матбуоти нигоҳида


ДЕҲЛИ, 11 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ўртасидаги онлайн-саммит ҳинд оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

«All India Radio News» радио янгиликлари хизмати икки давлат раҳбарлари ўзаро муносабатлар, жумладан коронавирус инқирозидан кейинги даврда Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ барча масалаларни муҳокама қилгани, томонларни қизиқтирган минтақавий ва глобал масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашганини таъкидлаган.

 “Нарендра Моди Ҳиндистон ва Ўзбекистон қадим замонлардан буён мунтазам алоқада бўлиб келган икки бой тамаддун эканини қайд этди. Минтақа муаммолари ва имкониятларига нисбатан ҳар икки мамлакатнинг тушунчалари ва ёндашувларида кўп ўхшашликлар мавжуд. У, шунингдек, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилганини айтди. Йиллар давомида ўзаро иқтисодий шериклик ҳам мустаҳкамланди. Ҳиндистон Ўзбекистон билан тараққиёт йўналишидаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга интилмоқда. Бош вазирнинг таъкидлашича, Ҳиндистон Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларида ўз билим ва тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр. Ҳиндистон Ўзбекистон учун фойдали бўлиши мумкин бўлган инфратузилма, ахборот технологиялари, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда улкан салоҳиятга эга. Нарендра Модининг сўзларига кўра, қишлоқ хўжалиги бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш муҳим ва ижобий қадам саналади”, - деб ёзади «All India Radio News».

«Economic Times» кундалик газетаси муҳим воқеани шарҳлар экан, “Нарендра Моди ўз нутқида Ҳиндистон Ўзбекистон билан тараққиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида эканини таъкидлади”, деб ёзади.

Ўзаро муносабатлар мудофаа ва хавфсизлик, савдо ва инвестиция, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва илм-фан, юқори технологиялар ва бошқа соҳаларни қамраб олган. Ҳозир икки томонлама инвестиция шартномаси ва имтиёзли савдо битимини имзолаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Бош вазир ўз нутқида мудофаа, космик соҳа ва ядро энергетикасининг асосий йўналишлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка ҳам тўхталиб ўтди.

Нашр Бош вазирнинг “Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимиз икки томонлама муносабатларимизнинг мустаҳкам таянчига айланмоқда. Ўтган йили қуролли кучларимиз ўртасида биринчи қўшма ҳарбий машқлар ўтказилди. Космик ва ядро энергияси соҳаларида ҳам биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз кенгайиб бормоқда”, деган сўзларини келтирган.

Ҳиндистон Ўзбекистон учун фойдали бўлиши мумкин бўлган инфратузилма, ахборот технологиялари, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда катта салоҳиятга эга. Қишлоқ хўжалиги бўйича қўшма ишчи гуруҳининг ташкил этилиши муҳим ва ижобий қадамдир.

“Бунинг самарасида ҳар икки мамлакат фермерларига ёрдам берадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини ошириш имкониятларини топа оламиз”, - дея қўшимча қилди Н.Моди. У, шунингдек, коронавирус пандемияси даврида икки мамлакат амалга ошираётган ҳамкорликка алоҳида тўхталди. COVID-19 эпидемияси билан боғлиқ оғир даврда ҳар икки давлат бир-бирини тўлиқ қўллаб-қувватламоқда. Бу дори-дармон етказиб бериш, фуқароларни ўз Ватанига қайтариш ва бошқа йўналишларни қамраб олган, деб таъкидланади мақолада.

Ўз навбатида, инглиз тилидаги 24 соатлик «Times Now» янгиликлар канали «Нарендра Модининг айтишича, Ҳиндистон Ўзбекистон билан тараққиёт бўйича ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришни истайди. У иккала томоннинг турли йўналишларда, жумладан, мудофаа ва қишлоқ хўжалиги соҳасида тобора  ўсиб бораётган алоқаларига эътибор қаратди”, деб хабар беради.

 Мақолада муаллифи “Ҳиндистон Бош вазири икки давлат ўртасидаги минтақавий масалалар бўйича фикрлар яқинлигига тўхталар экан, Афғонистонда тинчликни тиклаш афғонлар бошчилиги ва назорати остида бўлиши керак бўлган жараёндир, деди. Афғонистонда ўтган икки ўн йилликда эришилган ютуқларни сақлаб қолиш муҳим”, деб ёзади.

Ddinews.gov.in миллий янгиликлар агентлиги «Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 250 миллион доллар атрофида бўлиб, бу кўрсаткич томонларнинг мавжуд салоҳиятидан анча пастдир. Шу боис ҳар икки раҳбар бу кўрсаткични 1 миллиард доллардан оширишни мақсад қилган”, деб ўқувчилари эътиборини қаратган.

“Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик давлат даражасида ва минтақалар ўртасида йўлга қўйилган. Гужарат бош вазирининг 2019 йил октябрь ойида Ўзбекистонга (хусусан, Андижон вилоятига) ташрифи ва шу йил ноябрь ойида Ўзбекистон вакилларининг Гужаратга жавоб ташрифи чоғида 23 та битим имзоланиб, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, озиқ-овқат саноати, қимматбаҳо тошлар ва заргарлик, автомобилсозлик, тўқимачилик, фармацевтика, ахборот технологиялари каби турли соҳаларда қиймати 992 миллион долларга тенг 59 та лойиҳа белгиланган.

Ўзбекистон минтақалараро ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор.

Онлайн-саммит ҳар икки томон учун олий даражадаги сиёсий мулоқот орқали стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва ривожланиш мақсадидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро боғлиқлик соҳасидаги ташаббуслар устида ишлаш имконини берди”, деб таъкидлайди интернет-ресурс.

Ҳиндистоннинг йирик «Press Trust of India» (PTI) ахборот агентлиги маълум қилишича, “Нарендра Моди Ҳиндистон Ўзбекистон билан тараққиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ниятида эканини айтиб, томонларнинг турли соҳалар, жумладан, мудофаа ва қишлоқ хўжалиги соҳасида тобора кенгайиб бораётган ҳамкорлигига эътибор қаратди.

Бош вазир икки давлат ўртасидаги минтақавий масалалар бўйича қарашларнинг яқинлиги ҳақида гапирар экан, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш афғонларнинг ўзлари етакчилиги ва назоратидаги жараён эканини таъкидлади”.

«Hindustan Times» кундалик газетаси Бош вазир Нарендра Моди сўзларидан "Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Биз ўхшаш таҳдидларга дуч келмоқдамиз ва ўхшаш имкониятларга эгамиз. Уларга нисбатан ёндашувларимиз ҳам яқин", деб иқтибос келтиради.

“Ўзбекистон Президентининг 2018 ва 2019 йиллардаги Ҳиндистонга амалга оширган ташрифларига тўхталган ҳолда, Бош вазир "Бу ташрифлар икки томонлама муносабатлар учун янги уфқларни очиб берди", деб қайд этди.

“Ҳиндистон ва Ўзбекистон радикализм, сепаратизм ва фундаментализмга нисбатан бир хил позицияга эга. Бу минтақавий хавфсизликка ҳам тааллуқли. Биз Афғонистонга ушбу мамлакатнинг ўзи томонидан бошқариладиган ва назорат қилинадиган тинчлик жараёни керак, деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, сўнгги икки ўн йилликда эришилган ютуқларни сақлаб қолиш лозим, - деб таъкидланади мақолада. - Ҳиндистон Ўзбекистонга ёрдам бериши мумкин бўлган инфратузилма, ахборот технологиялари, таълим, соғлиқни сақлаш, салоҳиятни ошириш бўйича кенг имкониятларга эга”.

Ҳинд газетаси Бош вазир Нарендара Модининг “Сизнинг раҳбарлигингиз остида Ўзбекистонда эътиборга молик кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Коронавирус инқирозидан кейинги даврда алоқаларимизни янада мустаҳкамлаймиз”, - деган сўзларини алоҳида таъкидлаган.

Мавзуга оид

Тожикистон оммавий ахборот воситалари На...

Тожикистонда оммабоп ҳамда кўп сонли обуначиларга эга «Халқ овози» газетасида жорий йил 2...

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимои...

Мисрнинг инглиз тилида чоп этиладиган “Sada El Balad” газетасининг электрон нашрида “Ўзбек...

Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳ...

Ўмон Султонлигининг «Asdaa Oman» газетаси ўз ўқувчиларини Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳ...

Сўнгги янгиликлар