24/Февраль/2021 ТИВ янгиликлари
ТОШКEНТ, 24 февраль. /"Дунё" АА/. Кеча Ўзбекистон ва Ҳиндистон таҳлил марказларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди. Онлайн шаклда ташкил этилган анжуманда икки мамлакатнинг ўзаро ва минтақавий ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда “Дун” АА мухбири.
Тадбир Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Ҳиндистон халқаро ишлар бўйича кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди. Икки мамлакат таҳлил марказларининг биринчи форуми 2020 йил февраль ойида Деҳли шаҳрида ўтказилган эди.
Форум очилиш маросимида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Викас Сваруп сўзга чиқди.
Анжуман ишида Ҳиндистон халқаро ишлар бўйича кенгаши, Мудофаа тадқиқотлари ва таҳлили институти, бошыа илмий-тадыиыиот муассасалари раҳбарлари иштирок этди, Марказий Осиё ва Евроосиё бўйича қатор етакчи ҳинд мутахассислари тақдимот ўтказди.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Марказий Осиё халқаро институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети мутахассислари сўзга чиқди.
Форум доирасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, 2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Ҳиндистон виртуал саммитида эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш истиқболлари, Афғонистонни минтақавий иқтисодий алоқаларга жалб қилиш, халқаро ташкилотлар доирасида ва кўп томонлама форматда ўзаро ҳамкорлик салоҳияти каби масалалар бўйича самарали фикр алмашилди.
Экспертларнинг қизғин мулоқоти бугунги кунда Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари сиёсий-дипломатик алоқаларнинг юқори даражаси, савдо-иқтисодий алоқалар ва фаол маданий-гуманитар алмашинувларнинг юксак салоҳияти билан ажралиб туришини намойиш этди.