20/Январь/2022 Таълим
ДЕҲЛИ, 20 январь. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон-Ҳиндистон таҳлил марказларининг учинчи форуми онлайн шаклда бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳиндистон Халқаро ишлар кенгаши, Марказий Осиё халқаро институти ва Халқаро алоқалар ахборот-таҳлил маркази билан ўзаро ҳамкорликда ўтказилган мазкур форумда ҳар икки мамлакатнинг нуфузли таҳлил марказлари экспертлари, тадқиқотчилар, савдо-саноат палаталари вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Форумни кириш нутқи билан очар экан, Ҳиндистон халқаро ишлар иттифоқи бош директори Вижай Тхакур Сингх ва Халқаро алоқалар ахборот-таҳлил маркази директори Дониёр Қурбонов тадбир қатнашчиларини қутлашди.
3 секция иши давомида икки томонлама стратегик шерикликнинг устувор йўналишлари, хусусан, сиёсий мулоқот, инвестиция ва савдо муносабатлари, транспорт, ижтимоий-маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати бўйича фикр алмашилди, ўзаро муносабатларни янада жадаллаштириш бўйича таклифлар ўртага ташланди.
Ўз навбатида, таҳлилчилар томонидан Марказий ва Жанубий Осиёдаги ҳозирги вазият, минтақалар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар Ўзбекистон ва Ҳиндистон таҳлил марказлари ўртасидаги алоқаларнинг ривожланиш тарихи ва бугунги даражаси ҳақида тўхталишар экан, бу йўналишдаги ҳамкорликнинг икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим амалий аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон-Ҳиндистон таҳлил марказларининг форумига 2020 йилда асос солинган. Унинг биринчи йиғилиши 2020 февраль ойида Деҳли шаҳрида, иккинчи учрашув эса 2021 йил февралда онлайн шаклда ўтказилган эди.