02/Декабрь/2022 Таълим
ДЕҲЛИ, 2 декабрь. /«Дунё» АА/. Республикамизда тўқимачиликни янада ривожлантириш, илғор хорижий тажрибани жалб қилишга кўмаклашиш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов Ҳиндистоннинг Мода технологиялари миллий институти бош директори Шри Шантману билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда тўқимачилик соҳасида етакчи, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ҳинд томони соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ўқув услубларига инновацион, замонавий таълим технологияларини татбиқ этиш, “ноу-хау”лар бўйича фикр ва тажриба алмашиш борасида ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Ҳиндистон олий ўқув юрти профессор-ўқитувчиларини Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти академик дастурларига жалб қилиш ҳамда яқин келажакда тегишли қўшма факультет очиш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича қатор келишувларга эришилди.
Маълумот ўрнида: 1986 йилда Ҳиндистон Тўқимачилик вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Мода технологиялари миллий институти мамлакатдаги тўқимачилик саноати, хусусан мода, дизайн, тўқимачилик технологиялари ва менежмент соҳалари учун профессионал кадрларни тайёрлаш бўйича етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади. Институт мамлакат бўйлаб 17 та филиалга эга бўлиб, унинг ҳузурида турли йўналишларда тадқиқот марказлари фаолият кўрсатади. Ҳозирда институт дунё миқёсида ушбу йўналишдаги энг нуфузли олий ўқув юртларининг 10 талигига киради.