08/Ноябрь/2021 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 8 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Австриянинг Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэль Линхарт билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, вазир меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистон Австрия билан икки томонлама кун тартибида ҳам, Европа Иттифоқи доирасида ҳам ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Мулоқотда сўнгги йилларда томонларнинг конструктив ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга интилиши натижасида эришилаётган ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди.
Томонлар сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Турли даража ва шаклларда бўлажак мулоқотларга ҳар томонлама ва сифатли тайёргарлик кўриш бўйича келишувга эришилди.
Афғонистонда юзага келаётган вазият, унинг минтақавий ва халқаро барқарорликка таъсири юзасидан фикр алмашилди. Инсонпарварлик инқирозининг олдини олиш мақсадида жаҳон ҳамжамиятининг мамлакатга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш ҳамда бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ва Австрия Европа ва ташқи ишлар федерал вазирлиги ўртасида 2022-2023-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Австрия оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, Австрия ТИВ раҳбари 2000 йилдан бери биринчи марта Ўзбекистонга келди. Дастлаб у Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.