30/Январь/2023 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
БРЮССЕЛЬ, 30 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Дилёр Ҳакимов Гаага ҳуқуқ ва арбитраж маркази (ГҲАМ) катта ҳамкори Али Марусий билан онлайн шаклда мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир халқаро ташкилотлар, жумладан, ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган тузилмадар билан ҳамкорликни ривожлантириш доирасида ташкил этилди.
ГҲАМ бош қароргоҳи Гаага шаҳрида жойлашган, бутун дунёдан 200 га яқин профессионал ҳуқуқшуносларни бирлаштирган тармоқ ҳисобланади. Марказ турли соҳаларда юридик ва арбитраж хизматларини таклиф этади, халқаро ҳуқуқ, савдо ва инвестициялар, медиация ва арбитраж, ҳуқуқий экспертиза ва бошқа йўналишларда ўқув курслари, конференция ва семинарлар ташкил этади.
Али Марусий Ўзбекистондаги ўзгаришлар жараёнлари хорижлик ҳамкорлар – турли мамлакатларнинг сиёсатчилари, ишбилармонлари, экспертлари, олимларида катта қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади. Айниқса, тадбиркорлар, жумладан, хорижлик ишбилармонлар учун тобора кенг имкониятлар очиб берилаётган иқтисодиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
ГҲАМ вакили Ўзбекистон билан ҳамкорликни, жумладан, ҳуқуқ ва бизнес соҳаларида мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида онлайн ва офлайн шакллардаги ўқув курслари ташкил этиш орқали алоқаларни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
ГҲАМ курслари давлат ходимлари, судьялар, тадбиркорлар, корпоратив раҳбарлар ва халқаро ҳуқуқшуносларга ҳуқуқ ва бошқарув соҳасидаги сўнгги янгиликлар билан кенгроқ танишиш, билим ва кўникмаларини бойитиш, барча ҳуқуқий масалалар бўйича фойдали маълумотларга эга бўлиш имкониятини беради.
Медиация ва арбитраж, ҳуқуқ ва бизнес, музокаралар олиб бориш, халқаро шартномалар лойиҳаларини тайёрлаш, халқаро низоларни ҳал қилишнинг самарали механизмлари, ҳуқуқ ва технологиялар каби йўналишлар ҳам самарали ҳамкорлик қилишнинг истиқболли жиҳатларини ташкил қилади.