Uz / Ўз Ru En

Toshkent

24/Август/2020   Ўсиш нуқтаси

Ўзбекистон ва Хитой: инновацион ҳамкорликнинг янги босқичи


ТОШКЕНТ, 24 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним билан онлайн музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Инновацион ривожланиш вазирлиги давлат бошқаруви ва Ўзбекистон иқтисодиётининг реал секторига инновацияларни жорий этиш бўйича ваколатли орган сифатида Хитой билан илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда уни кенгайтириш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Ўз навбатида, икки томонлама илмий-техник ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида 2019 йил 1 ноябрда фан ва техника соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида амалга оширилмоқда.

Хитой Фан ва технологиялар вазирлиги билан имзоланган келишувлар доирасида 2019 йил 17 сентябрда танлов эълон қилинганди. Унга 61 лойиҳа қабул қилиниб, шундан 55 таси техник экспертизадан ўтди. Ўзбекистон ва Хитой томонидан маъқулланган 20 та энг яхши лойиҳа умумий қиймати 20 миллиард сўмга молиялаштирилади.

2019 йил 1 ноябрда имзоланган Фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ, Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу битимни амалга ошириш учун дастур лойиҳасини ишлаб чиқди. У хитойлик шериклар билан фан, энергетика, биотехнология, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 11 йўналишни ўз ичига олади. Инновацион ривожланиш вазири бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг ташрифи 2020 йилнинг биринчи чорагида режалаштирилган эди. Эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб, ушбу ташрифни ташкил этиш масаласи номаълум муддатга қолдирилди, аммо элчи карантин чекловлари олиб ташланиши билан, Хитой томони дарҳол Ўзбекистон делегациясини қабул қилишга тайёрлигини таъкидлади.

Музокараларда, шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг директори Шаҳло Турдикулова иштирок этди. У ўзбекистонлик олимлар томонидан коронавирус инфекциясини аниқлаш учун ишлаб чиқилган ва ушбу марказнинг ишлаб чиқариш участкасида чиқарилиши йўлга қўйилган коронавирус инфекциясини аниқлайдиган тест-тизими ҳақида гапирди. Коронавирус инфекциясига қарши вакцинани ишлаб чиқишда хитойлик ва ўзбекистонлик олимларнинг ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Ш.Турдикулова шунингдек, жорий йилнинг июнь ойида ИТМ ва Хитой Фанлар академиясининг Шинжон физика ва кимёвий технология институти ўртасида "Биотехнология ва янги материаллар" ўзбек-хитой қўшма лабораториясини ташкил этиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланганини айтиб ўтди.

И.Абдураҳмонов, шунингдек, Хитой ва Ўзбекистон ўртасида инновацион технопарклар соҳасида ҳамкорлик кенгайиб бораётганини таъкидлади. Шу ўринда, Навоий вилоятида дори-дармонларни синтез қилиш бўйича Ўзбекистон-Хитой тиббий технопаркини яратиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишларини тезлаштиришга келишиб олинди.

Цзян Янь хоним, ўз навбатида, фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни амалга ошириш доирасида ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.

Мавзуга оид

Давлатимиз раҳбарининг хусусий тадбиркор...

Аввал хабар берганимиздек, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва бунёдкорл...

Япониянинг "Global Silk Road Inc." компа...

“Дунё” АА видеоинтервьюси шу мавзуга бағишланган....

Самарқанд вилоятининг 17 та кичик саноат...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 августдаги фармонига асосан Экспорт ва ...

Сўнгги янгиликлар