06/Май/2021 Таълим
ТОШКЕНТ, 6 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ташаббуси билан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Италиянинг “Polimoda” мода ва дизайн институти вакиллари ўртасида видеомулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, “Polimoda” 1986 йил Флоренция шаҳрида мода ва дизайн йўналиши бўйича Италияда биринчи хусусий институт сифатида ташкил топган. Бугунги кунда дунёнинг ТОП-5 мода мактаблари қаторидан ўрин эгаллаган. Мода дизайни, мода бизнеси, бадиий йўналиш ва мода дизайнини бошқариш соҳалари бўйича етук кадрлар тайёрлайди. Унинг битирувчилари бугунги кунда мода оламининг нуфузли шахслари орасидан жой олган. Унинг амалдаги президенти – Феруччио Феррагамо.
Мулоқот мобайнида Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров, институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда “Polimoda” институти директори Массимилиано Жорнетти томонидан бугун Италия ва Европа мода оламида бетакрор ўзбек маданияти, беқиёс миллий матоларига бўлган қизиқиш ортиб бораётгани, ушбу ҳамкорлик иккала томон учун ҳам самарали ва мазмунли бўлиши таъкидланди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий институтнинг либос дизайни ва мода соҳасидаги имкониятлари акс этган тақдимот материали ва унинг халқаро йўналишда хорижий етакчи таълим муассасалари билан фаол алоқалари “Polimoda” институти вакиллари томонидан катта қизиқиш уйғотди.
“Polimoda” институти халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Никколо Сбараглиянинг сўзларига кўра, ушбу таълим муассасасида 70 дан зиёд давлатдан келган 2,3 минг нафардан ортиқ талаба (талабалар умумий сонининг 70 фоизи) таҳсил олмоқда.
Институтда талабалар дизайн ва бизнес йўналишлари бўйича 2, 3 ва 4 йиллик бакалавриат, 9 ойлик магистр ва 4 ҳафталик мавсумий курсларда таҳсил олишлари мумкин. Шу билан бирга талабалар машҳур компанияларда 9 ойлик амалиёт ўташ ва касб-ҳунар кунларида мода оламидаги етакчи тадбиркорлар билан танишади ва алоқалар ўрнатади.
“Polimoda” ўз талабалари учун ўқув жараёни доирасида мунтазам равишда халқаро тадбирлар ва дунёнинг машҳур мода компаниялари вакиллари Марко Биззари (Gucci), Сюзи Менкес (Condé Nast), Дэвид Фишер (Highsnobiety), Лаудомия Пуччи (Emilio Puchchi), Ренцо Россо (OTB), Мария Соле Феррагамо ва Маргарита Миссионилар (M Missoni) иштирокида маърузалар уюштиради.
Шу боис Н.Сайфуллаев томонидан “Polimoda” институти билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш ва унинг доирасида либос дизайни соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш, келгусида ўзаро профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини ташкил этиш, биргаликда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, илмий анжуман ва кўргазмалар, ижодий учрашувлар, экскурсиялар ва маҳорат дарслари ҳамда қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Видеомулоқот давомида элчи Отабек Акбаров юқорида қайд этилган истиқболли йўналишлар иккала томон учун мазкур соҳадаги ҳамкорликка пухта замин ҳозирлашини айтди. Шунингдек, бу ташаббус Италия билан таълим йўналишида амалдаги Тошкент Турин политехника университети кампуси ҳамда айни пайтда элчихона томонидан Пиза ва Кампания университетлари, Италиянинг Барқарор ривожланиш бўйича университетлараро тадқиқотлар маркази (CIRPS) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар қаторида алоҳида ўрин эгаллашидан мамнунлигини билдирди.
Тадбир якунида, ўзбек томони “Polimoda” институти билан ҳамкорликка доир таклифлар, Меморандум лойиҳасини Италия томонига юборишга ва навбатдаги онлайн-мулоқотни яқин муддатларда уюштиришга келишиб олинди.