04/Декабрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 4 декабрь. /Дунё» АА/. ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Польшадаги 29-йиғилиши доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жоли билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон-Канада ҳамкорлигининг дипломатик, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий базасини кенгайтириш, парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Канадалик инвесторларни Ўзбекистоннинг турли тармоқларидаги лойиҳаларга жалб этиш, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш орқали иқтисодий дипломатияни фаол ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзаро ташрифлар ва Канада университетлари билан академик дастурларни амалга ошириш, Канаданинг етакчи университетларининг Ўзбекистонда филиалларини очиш орқали илмий ва таълим соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида қардош шаҳар муносабатларини ўрнатиш, экология, рақамлаштириш ва “яшил иқтисодиёт” йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.