Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


08/Май/2020   Иқтисодий дипломатия

Ўзбекистон ва Жанубий Корея стратегик ҳамкорликни давом эттиради


ТОШКЕНТ, 8 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов 6 май куни Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Хон Нам Ки билан видеоконференция алоқа шаклида мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.

Муҳокама кун тартибида биноан олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ижроси доирасида инвестиция, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва истиқболлари муҳокама қилинди. Умумий иқтисодий лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишдаги кечикиш хавфини имкон қадар камайтириш мақсадида тизимли ишларни давом эттириш устуворлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, икки мамлакат ташқи иқтисодий фаолият вазирлари ўринбосарлари раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига манзилли ёрдам бериб, мавжуд масалаларни тезкор ҳал этишни таъминлайдилар.

Ушбу йўналишда Тошкент вилоятида «Tashkent Pharma Park» кластерини яратиш лойиҳасини амалга оширишни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Мулоқот давомида кластерда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда Корея Республикасининг етакчи компанияларини жалб қилиш, Корея Эксимбанки томонидан лойиҳанинг бир қисмини молиялаштиришни тезлаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш масалалари ҳамкор мамлакат тажрибаси асосида кўриб чиқилди. Хусусан, “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳудудининг бир қисмини “Инчон” эркин иқтисодий зонаси ишончли бошқарувига топшириш лойиҳаси доирасида Корея ишчи гуруҳини Ўзбекистонга юбориш истиқболлари муҳокама қилинди. Делегация таркиби Жанубий Кореянинг Транспорт вазирлиги ва “Эл Эйч Корпорейшн” корпорациясининг инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда катта тажрибага эга мутахассисларидан иборат бўлади.

Тадбирда савдо тўсиқларини бартараф этиш, Ўзбекистон – Жанубий Корея бозорларига маҳсулотлар олиб киришни осонлаштиришга қаратилган самарали чоралар орқали товар айланмаси ҳажмини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Эркин савдо тўғрисидаги битимни имзолашга тайёргарлик кўриш учун музокараларни тезлаштириш тўғрисида келишувга эришилди. Шунингдек, ҳамкор мамлакат вакиллари Ўзбекистонда Жанубий Корея гранти асосида амалга оширилаётган кенг кўламли инновацион лойиҳа – Миллий электрон тижорат онлайн-платформасини яратиш лойиҳасининг 2-босқичини амалга оширишни бошлашга тайёрлигини билдирди.

Таъкидланганидек, аграр секторда ўзаро савдони ошириш мақсадида Корея Республикаси стандартларига мувофиқ, Ўзбекистон карантин хизмати ташкил этилади, бунинг учун мамлакатимизда замонавий ўсимлик карантини лабораторияси ташкил этилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига кўмаклашиш мақсадида Жанубий Корея халкаро иқтисодий сиёсати институтидан эксперт-маслаҳатчиларни жалб қилишга келишиб олинди.

Видеоанжуманда молия-техникавий ҳамкорлик истиқболли механизмлари муҳокама қилинди. Кореянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) грантларини жалб қилган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш таклифлари, шунингдек, Корея Эксимбанки, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) билан қўшма лойиҳалар портфелини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Корея Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2021-2023 йилларга мўлжалланган EDCF билан янги уч йиллик молия-техникавий ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Шунингдек, ушбу йўналишда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш ва пандемиянинг иқтисодий оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида Корея Республикаси ҳукумати томонидан Ўзбекистонга молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш имконияти муҳокама қилинди.

Корея ҳукуматига коронавирус инфекциясига қарши курашда зарур бирламчи воситалар шаклидаги инсонпарварлик ёрдам, шунингдек, Ўзбекистонга юқори малакали маслаҳатчиларни юборгани учун миннатдорлик билдирилди.

Қайд этилганидек, яқин вақтларда Ўзбекистонга қўшимча гуманитар юклар ҳам юборилиши кутилмоқда.

Видеоконференция якунида белгиланган лойиҳа ва ташаббуслар доирасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ушбу йўналишдаги ишлар вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасида видеоконференциялар шаклида ҳамда икки мамлакат экспертлари ва мутахассисларининг ўзаро мулоқот орқали фаол равишда давом эттирилади.

Мавзуга оид

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик вако...

Қорақалпоғистонда 21 декабрдан буён амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистоннинг хорижд...

Июль ойида Тошкент шаҳрида савдо-иқтисод...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқо...

"Навоиазот" ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқ...

Хабар қилинишича, қурилманинг лойиҳавий қуввати йилига 500 минг тонна азот кислотаси ишлаб...

Сўнгги янгиликлар