03/Март/2021 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
РИГА, 3 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Тошкент тиббиёт академияси, унинг ҳудудлардаги филиаллари раҳбарлари, Латвиянинг «Telemedica» компанияси раҳбари Андрис Глазитис ва Страдини номидаги Рига университетининг Жамоат саломатлиги институти лойиҳа менежери Айгарс Миезитис иштирокида видеоконференция шаклида музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар тўғрисида маълумот тақдим этилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, таркибий ислоҳотларнинг контурларини белгилаш, шу жумладан, телетиббиётни жорий этиш бўйича изчил ишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидлангани билдирилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинди.
А.Глазитис Ўзбекистон Президентининг мамлакатда телетиббиётни жорий этиш ташаббусини юқори баҳолади. Унинг фикрига кўра, бу келгуси йилларда мамлакатда тиббий маданият ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш нуқтаи назаридан амалий натижалар берадиган узоқни кўзланган қарордир.
«Telemedica» компанияси раҳбари қайд этишича, республиканинг ихтисослашган марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина тизимини ташкил этиш тиббиёт муассасаларида масофадан туриб хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш, поликлиникалар ва шифохоналарда электрон рўйхатга олиш тизими яратилишига хизмат қилади.
Андрис Глазитис ва Айгарс Миезитис Латвияда телетиббиётни амалга ошириш тарихи ҳақида сўзлаб берди. Страдини номидаги Рига университети ва Латвия университети ҳамкорликда умумий маълумотлар базасида мавжуд ахборотларни бирлаштириш учун бутун Латвия бўйлаб ихчам мобиль нуқталарни яратишни назарда тутган лойиҳа амалга оширилган. Ушбу пунктлар, асосан, кекса ёшдаги аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқ ва бориш қийин бўлган жойларда ташкил этилган. Натижада, улар ҳозирги вақтда Латвиянинг етакчи мутахассисларидан юқори сифатли тиббий маслаҳат олиш имкониятига эга.
Латвиялик мутахассислар ушбу масалани Ўзбекистонда тарғиб қилишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди.
Музокаралар натижасида томонлар қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, веб-семинарлар ва тренинглар ўтказиш, эпидемиологик вазият яхшиланиши билан ўзбекистонлик мутахассислар малакасини ошириш бўйича стажировкаларни ташкил этиш бўйича келишувларга эришди.