02/Декабрь/2022 Иқтисодиёт
КУАЛА-ЛУМПУР, 2 декабрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз дипломатия ваколатхонаси кўмагида «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ва Малайзиянинг [Якорь] «MayAir» компанияси вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот чоғида Малайзия томонига Ўзбекистонда электротехника саноатини ривожлантириш ва модернизация қилиш, янги турдаги замонавий электротехника ҳамда маиший электр маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, тармоқнинг инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, хорижий сармоядор ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.
Ўз навбатида, «MayAir» компанияси саноат корхоналари, шифохоналар, тижорат бинолари ва аэропорт терминалларининг совутиш тизимлари учун ишлаб чиқариладиган маҳсулотлари бўйича тақдимот ўтказди.
Малайзия компанияси вакиллари Ўзбекистонда ўз фаолиятларини йўлга қўйиш имкониятини ўрганиб чиқишларини ва бу ҳамкорликдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Музокаралар якунида «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси томонидан ихтисослашган маҳаллий корхоналар ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўлган ички талаб, шунингдек, маҳсулотлар экспорти бўйича батафсил маълумотларни ишлаб чиқиб, Малайзия томонига тақдим қилишга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида: 2001 йилда ташкил этилган «MayAir» компанияси иситиш ҳамда вентиляция тизимлари учун фильтр ва бошқа жиҳозлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания Европа, Яқин Шарқ ва АҚШда ўз бўлимларига эга.