12/Февраль/2023 Иқтисодий дипломатия
ТОШКЕНТ, 12 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов “Elsewedy Electric” (Миср) компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Унда компания томонидан мамлакатимиз энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва инновацион ишланмаларни жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, суҳбат чоғида компания раҳбарияти Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунинг натижасида инвестициявий муҳит яхшиланиб, инвесторларнинг мамлакатимизга ишончи ортиб бораётгани, жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми кўпаяётгани юқори баҳолади.
Йиғилишда компания энергетика соҳасида дунёнинг 19 та давлатида амалга оширилаётган, хусусан, йирик энергетика объектларини қуриш, юқори вольтли электр узатиш линияларини ўтказиш, «яшил энергия» объектларини яратиш ва ақлли шаҳарларни ривожлантиришга оид инновацион лойиҳаларни тақдим этди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни давом эттиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирди ва Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш доирасида келгусида биргаликда иш олиб бориш форматини келишиб олди.
ИССВ маълумотига кўра, “Elsewedy Electric” компанияси 1938 йилда ташкил топган. Компаниянинг 2021 йилдаги умумий молиявий айланмаси 3,8 миллиард долларни ташкил қилди. Компания фаолиятининг асосий йўналишлари энергетика объектларини ишлаб чиқиш ва қуриш, кабель ва электр жиҳозларини ишлаб чиқариш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда энергетика ва инфратузилмани ривожлантиришга сармоя киритиш ҳисобланади. Компания томонидан амалга оширилган лойиҳаларнинг умумий қуввати 35 ГВтни ташкил қилади. Унда 17 мингдан ортиқ киши ишлайди.